Daryo

Яқин Шарқдаги урушнинг 6-куни: Озарбайжонга дронлар қулаб тушди, Эрондаги мактабга ҳужум текширилмоқда

5 март куни Нахчивон ҳудудига Эрон дронлари қулади, Ўзбекистон вазиятдан хавотирдалиги маълум қилинди. АҚШ минтақадаги базаларига қўшимча ҳарбий кучлар юборишни бошлади, Ироқда эса электр энергияси узилиб қолди.

5 дақиқа ўқиш4 552 кўришлар0 изоҳ3

Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро тобора кенгайиб бормоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси фонида минтақада янги зарбалар, дипломатик кескинликлар ҳамда ҳарбий ҳаракатлар қайд этилмоқда. Айрим давлатларда энергетика инфратузилмасига зарар етиб, электр таъминотида узилишлар юзага келган. Шу билан бирга, минтақадаги кескин вазият сабаб кўплаб давлатлар ўз фуқароларини эвакуация қилмоқда.

Эрондаги қизлар мактабига зарба текширилмоқда

АҚШ президенти маъмурияти Эрондаги қизлар мактабига берилган зарба юзасидан текширув олиб бормоқда. CNN хабарига кўра, бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет маълум қилган.

28 февраль куни Минаб шаҳридаги қизлар мактабига авиазарбалар берилган. Мазкур ҳужум оқибатида 165 нафар киши, жумладан, 7–12 ёш оралиғидаги қизлар ҳалок бўлгани айтилмоқда. 3 март куни Эронда ҳалок бўлганлар учун оммавий дафн маросими ўтказилган.

Ҳегсет журналистларга берган изоҳида АҚШ ҳеч қачон тинч аҳолини нишонга олмаслигини таъкидлаб, воқеа юзасидан текширув давом этаётганини билдирган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ҳам ушбу ҳужум ортида турган кучларни мустақил тергов ўтказишга чақирган.

АҚШ Яқин Шарққа қўшимча куч юборди

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Яқин Шарқ минтақасига қўшимча ҳарбий кучлар юборилаётганини маълум қилди. Al Jazeera хабарига кўра, у Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан ҳарбий кампанияси ҳали бошланиш босқичида эканини таъкидлаган.

Вазирнинг айтишича, минтақага янги бомбардимончи ва қирувчи самолётлар етиб келмоқда. Шунингдек, АҚШ 226, 453 ва 900 килограмм оғирликдаги авиабомбалар захирасидан фойдаланишини ҳам билдирган.

Фото: AP Photo

Ҳегсет баёнотида АҚШ ва Исроил ҳарбийлари операцияларни жадаллаштираётганини айтиб, зарбалар давом этишини таъкидлаган. Эроннинг Tasnim агентлиги маълумотларига кўра, 28 февралдан буён мамлакат бўйлаб камида 1 045 киши ҳалок бўлган.

Ироқда электр энергияси бутунлай ўчди

Ироқ Энергетика вазирлиги мамлакат бўйлаб электр энергияси таъминоти тўлиқ узилганини маълум қилди. Deutsche Welle хабарига кўра, блекаутга Басра вилоятидаги Румейла электр станциясига етказиб бериладиган газ ҳажмининг кескин камайиши сабаб бўлган.

Румейла станцияси мамлакат энергетика тизимидаги муҳим объектлардан бири ҳисобланади. Носозлик ортидан электр ишлаб чиқариш қуввати 1 900 мегаваттга камайган ва натижада мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида электр таъминоти узилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, айрим уй-жойларда электр энергияси мавжуд бўлса-да, кўчалардаги ёритиш тизимлари тўлиқ ўчган. Сўнгги ҳафталарда Эрон томонидан зарба берилган энергетика объектларида тиклаш ишлари олиб борилаётгани ҳам маълум қилинган.

Кувайт қирувчиси адашиб АҚШ самолётларини уриб туширди

The Wall Street Journal хабарига кўра, Кувайтнинг F/А-18 қирувчи самолёти адашиб АҚШнинг учта F-15 қирувчи самолётини уриб туширган. Ҳодисанинг дастлабки ҳисоботлари билан таниш бўлган манбалар ушбу воқеа жанговар шайлик юқори даражада бўлган пайтда юз берганини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, учувчи яқинлашаётган самолётларни душман нишони сифатида қабул қилган ва уларга қарата учта ракета учирган. F-15 самолётларидаги барча олти нафар экипаж аъзоси катапулта қилишга муваффақ бўлган ва кейинчалик эвакуация қилинган.

Мазкур ҳодисадан бир оз олдин бир нечта Эрон дронлари Кувайтнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтган. Улардан бири фуқаролик портида жойлашган вақтинчалик тезкор марказга зарба бериб, олти нафар америкалик ҳарбийнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.

Уруш АҚШ иқтисодиётига миллиардлаб зарар келтириши мумкин

АҚШнинг Эрон билан уруши Америка иқтисодиётига катта зарар келтириши мумкин. The Independent нашри хабарига кўра, Уортон мактаби профессори ва молиявий таҳлилчи Кент Сметтерс шундай прогноз билдирган.

Таҳлилчининг ҳисоб-китобларига кўра, можаро ҳозирнинг ўзида АҚШ иқтисодиётига 115 миллиард доллар миқдорида зарар етказган бўлиши мумкин. Бироқ урушнинг давомийлиги ва кўлами ушбу кўрсаткични сезиларли даражада ошириши эҳтимоли мавжуд.

Фото: AFP / Getty Images

Сметтерс прогнозларига кўра, якуний иқтисодий йўқотишлар 50 миллиарддан 210 миллиард долларгача етиши мумкин. Мутахассислар уруш глобал энергия бозорлари ва халқаро савдога ҳам жиддий таъсир кўрсатишини қайд этмоқда.

Озарбайжон ҳудудига Эрон дронлари қулаб тушди

5 март куни Озарбайжон ҳудудига Эроннинг икки дрони қулаб тушгани маълум қилинди. Report.az хабарига кўра, улардан бири Нахчивон автоном республикаси аэропорти ҳудудига, иккинчиси эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб яқинига тушган.

Ҳодиса вақтида мактаб ҳудудидаги ўқувчилар ва ўқитувчилар хавфсиз жойга эвакуация қилинган. Шунга қарамай, икки нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олгани маълум қилинган.

Мазкур воқеа юзасидан Озарбайжон ТИВ мамлакатдаги Эрон элчисини чақиртириб, расмий норозилик билдирган. Вазирлик ҳужум халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканини ва минтақадаги кескинликни янада кучайтиришини таъкидлаган.

Ўзбекистон Озарбайжон билан вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram каналида маълум қилган.

Суҳбат давомида озарбайжонлик вазир Нахчивон ҳудудига дрон ҳужуми оқибатлари ҳақида батафсил маълумот берган. Ҳужум натижасида тинч аҳоли жабр кўргани ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етгани қайд этилган.

Фото: APA Group

Ўзбекистон томони ушбу воқеалар юзасидан жиддий хавотир билдирган. Бахтиёр Саидов халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид бўлган бундай ҳаракатлар мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Эрон Ироқ Курдистонидаги базаларга зарба берди

BBC хабарига кўра, Эрон ҳарбийлари Ироқ шимолидаги эронлик курд гуруҳларининг штаб-квартираларига ракета ва дронлар билан зарба берган.

Эрон давлат ОАВ ҳарбийларнинг баёнотига таяниб, “инқилобга қарши курд гуруҳлари”га қарши учта ракета учирилганини маълум қилган. BBC тасдиқлаган маълумотларга кўра, зарбалар икки алоҳида мухолиф гуруҳ базасига берилган.

Фото: BBC / Metyu Goddard

Натижада бир киши ҳалок бўлган, уч киши жароҳатланган. Ракета тушган жойда катта ўра ҳосил бўлиб, бинолар вайрон бўлган, металл парчалари кенг ҳудудга сочилиб кетган.

9 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Яқин Шарқдаги кескин вазият сабаб ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда.

5 март ҳолатига кўра, Жидда, Мадина ва Дубай шаҳарларидан жами 41 та махсус рейс амалга оширилган. Ушбу рейслар орқали 9 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ватанга олиб келинган.

Фото: “Дарё” / Жаҳонгир Акрамов

Маълум қилинишича, эвакуация жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Минтақанинг бошқа давлатларида ҳаво ҳудуди очилиши билан фуқароларни қайтариш ишлари давом эттирилади.

Трамп маслаҳатчилари урушни тезроқ тугатишни таклиф қилмоқда

The Мосcоw Times хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трампнинг айрим маслаҳатчилари Эронга қарши ҳарбий операцияни имкон қадар тезроқ якунлашни таклиф қилмоқда.

Манбаларнинг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бир неча кун ўтгач, Оқ уй ичида узоқ давом этадиган урушнинг сиёсий оқибатлари ҳақида хавотирлар пайдо бўлган.

Фото: Оқ уй ахборот хизмати

Айрим расмийлар можаро ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Конгрессга оралиқ сайловлар натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтмоқда. Маслаҳатчилардан бири бу уруш катта сиёсий таваккалчилик эканини таъкидлаган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар