Қизиқчи Зокир Очилдиев 20 март куни 54 ёшни қаршилади. Тасодифан санъат оламига кириб қолган ва ижара муаммосига кўп бор тўқнаш келган ижодкорнинг муваффақият сири нимада?
“Болалигимда ҳаяжон кам эди”
Қизиқчи санъат оламига кириб келиши ва болалик хотираларини қуйидагича эслайди.

— Қизиқчиликка қизиқиш билан кириб келганман. Марҳум қизиқчи Рустам Ҳамроқуловнинг ҳангомалари магнит лентага ёзилиб, тарқалган вақтлари эди. 5–6-синфда ўқиётган пайтим марҳум устознинг ҳангомаларини эшитиб, бу соҳага қизиқиб қолганман. Уларни ёдлаб, ўртоқларимга айтиб берганман, мақсад кулдириш эмас, ёд олган нарсамни айтиб бериш бўлган. Шундан кейин ўртоқларим устозларга мен ҳақимда айтган, кейин улар мени мактабдаги тадбирларга чиқаришар эди. Ҳаяжон бўларди, шу билан бирга, масъулият ҳам, бироқ олдин ҳаяжон ҳозиргига қараганда кам эди, билмадим, балки олдин масъулият кам бўлгандир. Ўқиган сари, билган сари сўзнинг масъулияти ортар экан, дейди қизиқчи.
Нега айнан “Ҳандалак”?
Зокир Очилдиев мактабни тамомлаб, Тошкент театр ва рассомчилик институтининг Драма ва кино актёрлиги бўлимида таҳсил олади. Сўнг Самарқандга қайтиб, шериги билан бирга кулги жамоасига асос солишади.

— Гуруҳнинг номини мен қўйганман. “Ҳандалак” кўрсатувини Самарқандда, вилоят телеканалларида намойиш этиб бошлаганмиз. Кўрсатув қилишни бошламоқчи бўлганимизда, гуруҳга ном топиш керак бўлган. Мен икки-учта ном топиб борганман, шундан “Ҳандалак” номи маъқул бўлган. “Бир гапим бор, уч тилло”, “Дўст бедона”, “Ҳазил шоу”, “Кулги шоу” каби номлар ҳам бор эди, бироқ энг маъқули шу бўлган. “Ҳандалак” жарангдор бўлган, ҳам миллий эди. Ҳандалак кирган хонадонга қувонч киради, болалар қувонади, унга қўшилиб катталар ҳам хурсанд бўлади. Кейин ҳандалак полиз меваларидан биринчи пишадиганларидан бири, дейди Зокир Очилдиев.
“Танилганмиз, аммо ижара уйга ҳам пулимиз йўқ”
Зокир Очилдиев Тошкентда ижодни бошлаган пайтлари кўрган қийинчиликларини қуйидагича эслайди.

— Тошкентда ижодни бошлашдан аввал Самарқанд вилоятида анча танилиб қолгандик. Чунки ўша пайтда вилоят телевидениесида кўрсатувимиз бор эди. Шеригим иккимизни Самарқанд ва Жиззах вилояти томошабинлари яхши танишарди. Масъул шахслар кўрсатувимизни кўриб, “Республика телевидениесида ҳам берса бўларкан”, дейишганидан кейин Тошкентга келишга қарор қилганмиз. Илк кўрсатувимизнинг ўзиёқ машҳурликка эришган, эртаси кундан бошлаб кўчаларда таний бошлашган. Ҳатто тузукроқ кийим-бош олишга ҳам улгурмай қолганмиз. Шеригимнинг таклифи билан ўзимизга 2-3 ўлчам катта костюм-шим тиктирардик. Ўйлаб қарасам, биздан кўра кийимимизнинг эгнимизда туриши жуда кулгили эди.

Таксига пулимиз бўлмай, автобусга чиқсак, одамлар таниб қолиб “Ия, сизлар ҳам автобусдан фойдаланасизларми?” дейишарди. Аслида, чўнтагимизда ўша йўлкирани тўлашга ҳам пулимиз йўқ эди. Халқ танигани учун йўл пулини тўлардик, бўлмаса, орқа эшикдан секингина тушиб кетардик. Чунки ҳақиқатан ҳам номимиз бор-у, пулимиз йўқ эди. Ортиқ Султоновнинг акасининг таклифи билан Чорсуда қуруқ мева сотадиган ургутликлар билан бир квартирада яшаганмиз. Бир хонада камида олтита одам ётади, биз ҳам “Бир оз сурилинглар”, деб жойлашиб олардик. Чунки алоҳида уй ижарага олишга пулимиз йўқ эди, дейди Зокир Очилдиев.
“Аёлимга раҳмат айтишим керак”
Зокир Очилдиев бугунги даражага етишида аёлининг ҳам ўрни катталиги ва ундан миннатдорлигини билдирди.

— Шеригим иккимиз уйланган, бола-чақали одамлар эдик. Аммо уй йўқлиги сабаб иккимиз ҳам Тошкентга оиламизни олиб келмаганмиз. Йигирма бир ёшда уйланиб, бир йилдан кейин фарзандли бўлган одам эдим. Бунинг учун аёлимга раҳмат айтишим керак, ўша вазиятда мени тушунган. Рўзғорнинг бор қийинчилигини бўйнига олгани учун ҳам Тошкентда эркин ижод қилолганман. Кейинчалик пул тўплаб, Ургутдаги уйни сотиб, Тошкентдан хонадон олганмиз. Оиласи билан ижара уйда яшаб, қийинчилик кўрган инсонларни кўп учратганимиз учун бундай қилишни истамаганман. Ўйлаб қарасам, шу ёшгача қилган энг ақлли қарорим шу бўлган экан, дейди Зокир Очилдиев.
“Ҳандалак” кулги жамоаси пул сабаб бўлиниб кетдими?
“Ҳандалак”нинг бўлиниб кетиши ҳақида бирор марта очиқчасига гапирилмаган. Чунки улар ҳеч кимга сездирмай тарқоқ ижод қилишди ва орадан узоқ вақт ўтганидан кейингина одамлар орасида гуруҳнинг тарқалиб кетгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалди. Айримлар бунга пул сабаб эканлиги ҳақида гапиришди.

— Ҳамма нарсани ҳам пул ҳал қилавермайди. Агар биз Ортиқ Султонов билан бирга ижод қилсак, ҳозир топаётган пулимизнинг камида икки, бўлмаса уч бараварини топамиз. Пул биз бирлашсак кўпаяди, ажрашсак эмас. Пул учун ажрашиб кетди, дейилган гап-сўзлар ёлғон. Бир кун келиб балки яна бирга ижод қилармиз, лекин ҳар куни телефонда гаплашиб турамиз, дейди қизиқчи.
“Пулим бўлмаса ҳам, ориятим бор”
Зокир Очилдиев қандай инсонларнинг тўйида иштирок этишни истамаслиги ҳақида ҳам гапирган.

— Баъзи бир одамлар бор, қанча берса ҳам, тўйига бормайман. Пулни хоҳлаганимизча беради, лекин одамни менсимай гаплашади, ерга уради. Худди сотиб олгандек муомала қилса, пулим бўлмаса ҳам, ориятим бор, чидаб туролмайман. Шунинг учун ҳам бормайман. Масалан, шунақа ҳурматни жойига қўймаган ёки меҳрсиз инсон оёғимни тагига қўй сўйса ҳам, бормайман. Меҳр бўлса, таом ёки бошқа нарса муҳим эмас, суҳбат ёки давра учун ҳам бораверамиз, дейди актёр.

Зокир Очилдиев ҳеч бир интервьюсида оиласи ҳақида маълумот бермайди. Тўнғич ўғли Рустами Достон санъат институтини тамомлаган. У отасининг шогирди Нодирбек Ҳайитов бошчилигидаги “Акула” телелойиҳасида иштирок этади.
Изоҳ (0)