Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 14 апрель куни “участкавой” пичоқлангани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 14 апрель куни Янгиҳаёт тумани ИИБ XPБ профилактика инспекторлари бир хонадонда жанжал бўлаётгани ҳақидаги хабарга аниқлик киритиш мақсадида етиб келган.
Шу пайт, хонадон эгаси маст ҳолда хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиб, профилактика инспекторларидан бирининг кўкрак қафасига ошхона пичоғи билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Тан жароҳати олган профилактика инспектори шифохонага олиб борилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105- (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 219- (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)