Тошкентда метро поездида нотаниш қизга тегажоғлик қилган эркак беш суткага қамалди.
Қайд этилишича, 1 апрель куни А.Н.(эркак) “Чилонзор” метро йўналишидаги электропоезд вагони ичида фуқаро ўзига нотаниш бўлган Ж.Ж.нинг (қиз бола) белидан паст қисмини қўли билан ушлаб, шаҳвоний шилқимлик қилгани аниқланган.
Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар А.Н. ўзининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги айбига иқрорлигини, ҳақиқатдан ҳам шу куни “Чилонзор” метро йўналишидаги электропоезд вагони ичида ўзига нотаниш бўлган фуқаро Ж.Ж.нинг белидан паст қисмини қўли билан ушлаганини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини, бундан кейин бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Жабрланувчи эса суд мажлисида ҳуқуқбузарга нисбатан оғирроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суд ҳукмига кўра судланувчи А.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-модда 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган ва унга нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Март бошларида Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бирида оилали аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган кондуктор қамалгани тўғрисида хабар берилганди. Ундан олдинроқ эса Тошкент метросида нотаниш қизга шилқимлик қилган икки йигит 5 суткага қамалганди.
Изоҳ (0)