Ўзбекистон Қозоғистон буғдойининг асосий импортчиси бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда “APК-Inform” хабар берди.
Қайд этилишича, 2023—2024 йилларнинг сентябрь—февраль ойларида Қозоғистон Ўзбекистонга 1,6 миллион тонна буғдой етказиб берган, бу ўтган мавсумнинг шу даврига нисбатан (1,529 миллион тонна) кўпдир.
Шу йилнинг февраль ойида экспорт ҳажми сўнгги тўрт ойдаги энг юқори кўрсаткичга етган — қарийб 296 минг тонна. Таққослаш учун 2023 йил февраль ойида экспорт ҳажми бир оз кўпроқ — 313,5 минг тоннани ташкил этган.
Spot’нинг ёзишича, ўтган йилнинг январь—август ойларида Ўзбекистон Қозоғистондан буғдой импортини беш йил ичида рекорд даражага кўтарган. Саккиз ой якунларига кўра, Қозоғистон буғдойининг Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми 3,88 миллион тоннани ташкил этган.
Март ўрталарида Қозоғистон буғдой импортини вақтинча тақиқлаши тўғрисида хабар берилганди. Ҳужжат лойиҳасига кўра, мамлакат учинчи давлатлардан ва Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан автомобиль, сув ва темирйўл транспорти орқали буғдой олиб киришга 6 ой муддатга тақиқ жорий этиш назарда тутилган.
Изоҳ (0)