Тошкентда буюртма қилинган такси ҳайдовчисини ўлдирмоқчи бўлган икки йигитга жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Воқеа 27 апрель куни кечаси содир бўлган. 20 ёшли М.З. ва 18 ёшли М.Д. ўзганинг мулкини эгаллаш мақсадида қасддан одам ўлдиришни режа қилган. Улар Чилонзор туманида жойлашган “Олмазор” метро бекати ёнида такси буюртма қилган. Чақирувига асосан А.Ч. бошқарувида бўлган Gentra етиб келган.
Улар таксига ўтириб, Янгийўл тумани ҳудудига борган. Сўнгра автомашинани тўхтатиб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, олдиндан тузилган режани амалга оширишни бошлашган. Орқа ўриндиқда ўтирган М.Д. ёнида бўлган ошхона пичоғи билан ҳайдовчининг бўйин ўнг орқа соҳасига бир маротаба уриб, бўйнини қўллари билан бўғишга уринган. Ҳайдовчи унга қаршилик қила бошлагач, ўриндиқда ўтирган М.З. жабрланувчининг қўлларини ушлаб турганида туман ИИБнинг тўрт нафар тунги навбатчилик гуруҳи аъзолари келиб қолган.
Ходимлар зудлик билан уларни қўлга олгани сабабли йигитлар бошланган жиноятни охирига етказа олмаган. Ҳодиса жойидан бир дона ошхона пичоғи ва қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан М.З. ва М.Д.га Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (одам ўлдириш) 2-қисми “и”, “п” бандлари ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айблов эълон қилинган ҳамда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Иккала йигит ҳам Фарғона вилоятида туғилган ва айни пайтда Тошкентдаги олийгоҳда биринчи босқич талабаси бўлган.
Изоҳ (0)