Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳамда “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Осиё Кубоги финал учрашувида қатнашмайди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Франция клуби келишувига кўра ҳимоячи финалгача бўлган баҳсларда қатнашиши керак бўлган.
“Дарё” манбасининг хабар беришича, ҳимоячи ҳафта сўнггида ўтказилиши керак бўлган финал баҳсида терма жамоага ёрдам бера олмайди ва Францияга жўнаб кетади. Ассоциация Абдуқодир Ҳусанов ҳаракат қилаётган клуб билан финал баҳси борасида келишувга эриша олмаган.
“Ланс” клуби 3 май куни Франция чемпионати доирасидаги учрашувда “Лорян”га қарши баҳс олиб боради ва катта эҳтимол билан Абдуқодир Ҳусанов ушбу баҳсда иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ярим финал баҳсида Индонезияни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ўз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Ҳал қилувчи баҳсларда ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ишончли тарзда ҳаракат қилди.
Франция клуби “Ланс” ҳозирда Лига 1 да 46 очко тўплаб, олтинчи ўринда бормоқда. Абдуқодир ҳаракат қилаётган клуб еврокубокларда иштирок этиш имкониятини берувчи ўринлар учун курашмоқда. Бешинчи ўринни эгаллаб турган “Ницца” клубида 51 очко мавжуд.
Изоҳ (0)