Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ таъминоти истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов “табақалаштирилган тарифлар” сабаб бойлар ўз харажатлари учун давлат бюджетидан дотация олмаслиги кераклиги ҳақида ёзди.
Бекмуродовнинг ёзишича, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолига тўловлар унинг таннархига мос келмайди, орадаги тафовут давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қопланади. Бундай ёндашув фуқароларнинг моддий имкониятидан қатъи назар, бутун аҳоли учун қўлланилади.
Энергия ресурсларининг жиддий танқислиги шароитида моддий таъминланган фуқаролар харажатлари учун давлат бюджетидан дотация олмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз, — дейди у.
Энергетика вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир аҳолининг 15 фоизи ойига 300 кВт•соатдан ортиқ электр энергиясини истеъмол қилади. 75 фоиз аҳолининг истеъмоли эса 200 кВт•соатдан ошмайди. Ўзбекистоннинг энергетика тармоғи туб ислоҳотларга муҳтож, шу муносабат билан тарифларни ўзгартириш ва бозор механизмларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади Бобур Бекмуродов.
Ислоҳотлар билан бирга, “Юксалиш” ҳаракати масъул вазирлик ва идораларни қуйидагиларни инобатга олишга чақиради:
- Қарор ижроси доирасида марказий иситиш тизими ва табиий газдан фойдаланиш имкони йўқ ҳудудлардаги шароитларни ҳамда асосий иссиқлик манбалари печка ва кондиционерлар эканлигини ҳисобга олиш зарур;
- Энергетика вазирлиги юқори кучланиш бўлганда маиший техникаларига зарар етган истеъмолчиларга компенсация тўлаш механизмларини ишлаб чиқиши зарур;
- Ҳукумат давлат бюджетидан энергия тармоғини модернизация қилишга ажратилган маблағларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаши керак;
- Хорижий тажрибани ўрганиш ҳам муҳим. Масалан, дифференсияланган тарифлар қўлланиладиган мамлакатларда электр энергиясига талаб юқори бўлган пайтларда (аномал ҳаво шароитларида) тариф нормалари сезиларли даражада оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги муҳокамаларда электр энергияси ва табиий газ нархларини ижтимоий норма асосида белгилаш ва ошириш назарда тутилганди. Яъни ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмоли учун нархлар янги тизим асосида ўзгариши таклиф этилган. Хусусан, аҳоли учун 1 кВт•соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт•соатгача – 325 сўм, 250 кВт•соатдан юқори ҳар 1 кВт•соат учун – 650 сўм этиб белгиланиши айтилган. Аммо айрим сабабларга кўра, ушбу режани амалга ошириш кечиктирилган.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб бир ойда электр энергияси ўртача ойлик истеъмоли учун тўлов миқдорига ўсувчан коэффициент қўлланиши бошланган. Энергетика вазирлиги мазкур ўсувчан коэффициент аҳоли истеъмолчиларининг 98 фоизига мутлақо таъсир қилмаслигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)