Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик оқшоми” бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.


Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон концертни биргаликда томоша қилди.


Икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айланган. Зеро меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш – халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Бугун ушбу орзу-интилишлар ҳаётга кўчмоқда, мамлакатларимиз етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди.


Бу жиҳатлар бугунги концерт дастурида яна бир бор тасдиқланди. Истеъдодли санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқларда халқларимиз маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга муштараклиги ўз ифодасини топди.



Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ (0)