“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси”га қўшимча вазифалар юклатилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати.
Унга кўра, президент қарори билан дастур доирасида микрокредитлар ажратиш ва ресурс маблағлари билан таъминлашда, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси”га молиявий маблағларни Марказий банкнинг асосий ставкасидан 2 фоиз банд паст ставкада 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга жойлаштириш тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 ноябрдан микрокредитларни қайта молиялаштиришда улар бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини туманлар (шаҳарлар) тоифасидан келиб чиқиб, Компания ва микрокредит берувчилар ўртасида тақсимлаш тизими жорий қилинади. “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси”га қуйидаги вазифалар юклатилди:
- қайта молиялаштириладиган ёки кафиллик тақдим этиладиган микрокредитларнинг шартларига, микрокредит олувчиларга қўйиладиган талабларни ва микрокредитлар ажратадиган банклар ва микромолия ташкилотларига нисбатан мувофиқлик мезонларини белгилаш;
- республика бюджети ва бошқа манбалардан молиявий маблағларни жалб қилиш ва уларни кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилган микрокредитлар бўйича таваккалчиликларни ўзаро тақсимлаш асосида қайта молиялаштиришга йўналтириш;
- микрокредит берувчилар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилган микрокредитлар бўйича портфел кафилликлар тақдим этиш.
“Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” МЧЖнинг мол-мулклари баҳолашдан ўтказмаган ҳолда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси”га қўшиб юборилади.
Изоҳ (0)