“Дарё” Бизнес-омбудсман ахборот хизмати билан ҳамкорликда иқтисодий мавзулардаги суҳбатларни бошлади. Илк сонда Экспортчилар уюшмаси раҳбари Ёрқин Маликов ва тадбиркор Ёрқин Иномов экспорт ва унинг долзарб муаммолари ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Ўзбекистонда қанча тадбиркор экспорт билан шуғулланади?
Ёрқин Маликов: Бугун мамлакатда етти мингдан ортиқ тадбиркор экспорт билан шуғулланмоқда. Умумий тадбиркорлик субъектлари сони эса 600 мингтадан ортиқ. Шундан экспортёрлар улуши бор-йўғи икки фоизга ҳам етмайди. Тасаввур қилинг, мана шу етти минг корхона билан йилига 19 миллиард долларлик экспортни амалга оширяпмиз. Демак, бизда ҳали экспорт учун имконият кенг. Лекин ундан тўлиқ фойдаланмаяпмиз.

Маҳсулот экспорт қилиш осонми?
Ёрқин Иномов: Бугунги кунда 11 та давлатга мева–сабзавот экспорт қилмоқдамиз. Улар орасида Япония, Швеция, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Англия, Германия, Польша, Венгрия ва Латвия бор.
Умрида экспорт қилмаган тадбиркор аввал нима маҳсулотни қайси давлатга сотмоқчи эканини билиб олиши керак. Кейин ўша мамлакатда потенциал харидор борлигини ўрганиши зарур. Буни турли платформалардан ҳам кўриш мумкин.
Янги бошлаётганлар шу соҳада тажрибали экспортёрдан маслаҳат олиши лозим.
Бизни кўп тадбиркорлар илмга харажат қилгиси келмайди. Катта натижаларга эришган чет эллик йирик тадбиркорлар ҳам янги билимлар олиш учун 100 минг долларлаб пул сарфлайди. Бизда бундай қилиш учун ғайрат–шижоат етишмайди.
Ҳаракат қилсангиз албатта натижа бўлади. Экспортни ўргатиш бўйича ҳатто бепул курслар ҳам фаолият юритмоқда.
-CFR05dmA.avif)
Нега тадбиркор маҳсулотларини экспорт қилиши керак? Экспортнинг қандай фойдали томонлари бор?
Ёрқин Иномов: Экспорт биринчи навбатда маҳсулотни ўзимизнинг бозорга қараганда қимматроқ сотиш ва яхши даромад олиш учун керак. Иккинчидан, Ўзбекистон у қадар катта иқтисодиётга эга давлат эмас. Шунинг учун ҳамма маҳсулотни ички бозорда сотишдан кўра, ташқи бозорларга олиб чиқиш яхшироқ. У ерда харидор кўп бўлади, савдо қилиш осонлашади.
Яна бир жиҳат шундаки, экспорт соҳаси давлат томонидан қўллаб-қувватланади, турли имтиёзлар берилади. Бу ҳам албатта имконият.
Экспортчилар нега кам? Ғарб давлатлари бозорларида рақобат кучли. Балки бизнинг тадбиркорларга шу тўсиқ бўлаётгандир?
Ёрқин Иномов: Тўғри, Европа бозори доим ҳам сизнинг маҳсулотингизни пойлаб ўтирмайди. Кўп стандартларини билмаймиз. Масалан, бир пайтлар водийда бўлиб, “меваларни усти ва ичи турлича эмас, бир хил қилиб қадоқлаб беринглар”, дегандим. “Ундай қила олмаймиз”, дейишган. Ҳайрон қолганман. “Бизнинг савдо тармоқлари шунақа талаб қўймоқда”, деганман. Улар: “бутун водий бўйича бир одам шундай қила олади”, дейишган. Йиллар ўтиб улар ҳам тушунишди, энди саралаб беришмоқда.
Экспорт қилиш қийин дейиш керак эмас. Мисол учун биз Германияга 400 тонна қовун экспорт қилдик. Уни ўз талаблари бор, бажардик ва ҳаммаси яхши. Ўрганиш ва илм билан ёндашиш керак.

Ёрқин Маликов: Чиндан ҳам илм етишмайди, ўрганиш керак. Ўрганиш йўқми, демак экспортга чиқиш ҳам йўқ. Ҳар бир тадбиркор ўз устида ишлаши лозим. Шунда юқори натижаларга эриша олади.
Тадбиркорларда маълумот ҳам етишмайди. Куни кеча Туркманистонда бўлдик. Бир неча тадбиркорларни олиб бориб, у ерда маҳсулотларини кўргазмаси қилинди.
“Тезроқ шартнома тузайлик”, деб Туркманистондаги тадбиркорлар шошиб қолишди. Кейин бизнинг тадбиркорлар “Ёрқин ака кўпроқ маълумот беринглар, чет элларга олиб чиқинглар, кўзимиз очилди”, дейишди. Демак, кўпроқ бориш керак экан. Тадбиркорлар ўзи учун сармоя қилиши лозим. Масалан, биз билан борган тадбиркорлар ўзларига чипта сотиб олишди, ҳамма харажатларини қоплашди. Бу экспортёр ўсиши ва ривожланишига олиб келади. Ўқув ва маълумот етишмаслиги, ўсишга ҳаракат йўқлиги, экспортёрлар сони ортиб кетишига тўсқинлик қилмоқда.
Ёрқин Иномов: Менимча, бу ерда яна бир омил ҳам бор. Айрим тадбиркорларда “бизга шундоқ ҳам бўлаверади”, деган қараш мавжуд. “Экспорт учун шароит яхши, ишланглар”, деб кўп айтамиз. Улар эса “фокусни бошқа нарсага қаратаётган эдик, ўйламагандик”, дейишади.
Ҳукумат 1 июлдан бошлаб барча товарлар экспортига чекловни бекор қилмоқчи. Буни тадбиркорлар учун қандай фойдалари бор? Экспортёрлар нималарга тайёр бўлиши керак?
Ёрқин Иномов: Бизни соҳада чеклов деярли йўқ. Америка, Европага гуруч экспортига чеклов бор эди. У олинадими, йўқми кўриш керак. Аслида умуман товарлар экспортига чеклов қилиш керак эмас. Чеклов — ёмон. Буни чет эллик макроиқтисод мутахассислари кўп айтишган.
Экспортёрларда нима муаммолар бор?
Ёрқин Иномов: Биздаги энг долзарб муаммо — транспортировка. Ўзбекистон денгизга икки давлатдан ўтибгина чиқиши мумкин. Бу нархлар камида икки баравар ошиб кетишини англатади. Бизда 1 январгача экспорт қилинадиган маҳсулот транспортлари харажатлари учун 30-50 фоизгача субсидия бериларди. ЖСТга аъзолик ҳаракатлари сабаб бу тартиб бекор қилинди. Бу ҳолат маҳсулотлар нархи ошишига олиб келди.
Буюртма олгансиз, маҳсулотни экспортга чиқариш учун банкдан пул ечиш керак бўлади. Банкка борсангиз ҳисоб-рақамингиз ёпиқ.
Бир тадбиркор танишим ҳамма ҳужжатларни кўрсатгани, лекин ҳисоб рақами икки кундан кейин очилганини айтди. Бу балки техник муаммодир. Аммо камчилик бўлса, тадбиркорга ўз вақтида айтиб, тўғрилатиш керак. Чунки бизнинг соҳада икки кун пулни кутиш узоқ муддат ҳисобланади. Бу ҳолат “свежий” маҳсулотларни етказишга салбий таъсир қилади.
-CVPjZ5D0.avif)
Ўзбекистоннинг қайси маҳсулотлари халқаро бозорда рақобатбардош?
Ёрқин Маликов: Бизда пахта етиштирилгани учун тўқимачилик маҳсулотларга талаб катта. Асосан, Европа давлатлари, Россияда ҳам бизнинг маҳсулотларга эътибор ва талаб юқори.
Бугунги геосиёсий вазият ўзгаришидан олдин мунтазам равишда Россияга экспорт қилардик. Улар сотиб олиб, ўз брендини қўйиб, Европа давлатларига экспорт қиларди. Сабаби бизда тўғридан тўғри экспортда халқаро лабораториялар, сертификатлар бўлмагани учун қайсидир давлат орқали маҳсулотимизни экспорт қилишга мажбур эдик. Ҳозир энди Европа билан Россия муносабатлари ёмонлашгани учун Россияга экспортимиз сезиларли қисқарди.
Миллий стандартларни халқаро стандартга ўтказиш керак. Халқаро стандартларга мос келадиган маҳсулотларимиздан яна бири қуритилган мева-сабзавотлар ҳисобланади. Буни энди 5 килоли қутиларда эмас, 200 ва 500 граммлик қадоқланган идишларда экспорт қилсак, тушум каррасига ортади.
Қуруқ мева-сабзавотларимизга араб давлатларида ҳам, Америкада ҳам қизиқиш катта.
Кўп тадбиркорлар “эртага Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўларканмиз. Бутун дунёдан кўп товарлар кириб келиб, бизни синдириб ташларкан”, деган хавотирда. Аксарият тадбиркорлар шу ҳақда ўйлаяпти. Аммо унутмаслик керакки, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистонга статус беради. Хорижий кўплаб тадбиркорлар, инвесторлар Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи бўлган. Кейин “сизлар ЖСТга аъзо эмасмисизлар”, деб қолишади. Сабаби бу уларга ишонч беради. ЖСТга аъзо бўлиш сармоялар кўпайиши билан бирга, экспортимиз ҳажми ошишига ҳам олиб келади.
Исломбек Умаралиев ва Гулжамол Шукурова суҳбатлашди
Изоҳ (0)