Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Click’нинг устун мавқейини тан олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмитанинг тегишли буйруғи билан онлайн тўлов тизимлари бозорида Click АЖ устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди.
Устун мавқега эга рақамли платформа оператори фаолиятини рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, устун мавқейини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва тегишли тартибда мониторинг ўтказиб борилади.
Апрель ойининг бошларида тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизмати бозорида Uzum Tezkor устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилганди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Рақамли платформа операторининг устун мавқейини ва устун музокара кучини эътироф этиш тартиби тўғрисидаги низомда рақамли платформа операторининг устун мавқега эга деб эътироф этишнинг мезонлари белгиланган.
Товар ёки молия бозоридаги хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг унга ўз фаолиятини рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд ушбу бошқа субъектларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқедир.
Изоҳ (0)