Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда туризмнинг жадал ривожланиши учун энг катта тўсиқ бу — транспорт эканини айтди.

Президентнинг қайд этилишича, маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи “Ҳаво йўллари” ва Silk Avia авиакомпанияларига тўғри келади. Қолган 14 та рейсни 4 та маҳаллий авиакомпания амалга оширяпти. Сабаби, ички рейслар жозибадор эмаслиги учун хусусий компаниялар асосан хорижга қатнаяпти. Ички бозорда рақобат бўлмагани учун, Тошкент—Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат.
“Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради”, деди президент.

Шу муносабат билан мутасаддиларга хусусий компанияларни жалб қилиб, Тошкентдан Урганчга қатновларни икки карра ошириш топширилди.
Барча резидент компанияларга ички рейсларни субсидиялаш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, дам олиш кунлари поездлар таркибига қўшимча вагон улаб, йўловчи ташишни 1,5 баробарга кўпайтириш топширилди.
Йиғилишда айтилишича, Урганчга Россия, Туркия, Италия, Испания ва Франциядан авиақатновлар қўйилгани натижа берди. Лекин, рейс йўқлиги учун Германия, Хитой, араб давлатларидан минглаб турист йўқотиляпти. Мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан-тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширилди.
Урганч аэропорти Кореянинг Инчхон аэропортига хусусий шерикликка берилмоқда. Ушбу аэропорт миллий меъморчилик анъаналарига мос ҳолда реконструкция қилинади. Масъулларга ишлар бошланишини кутиб ўтирмасдан, Корея авиакомпанияларини жалб қилиш, самолёт ва аэропортдаги сервис ходимларини малака ошириш учун Кореяга юборишни бошлаш, янги ўқув йилидан Хоразмдаги транспорт ва сервис техникумларида Корея тажрибаси асосида кадр тайёрлашни йўлга қўйиш топширилди.
Изоҳ (0)