“Дарё”да янги лойиҳа — “Ракурс”. Унинг илк меҳмони рэпер Конста бўлди. Бошловчилар у билан турли мавзуларда, хусусан мақсад ва келажакдаги касбни тўғри танлаш ҳақида суҳбат қилди. Ижодкор қийинчиликлардан тегишли хулоса чиқаргани, у кунларни қувонч билан эслаши, муҳожирликдаги ҳаёти ва ҳеч қачон ўз мақсадларидан воз кечмагани ҳақида гапирди.
Конста эски мухлисларни унутди?

— Мен маълум ёшдаги инсонлар эмас, аввало ўзим учун ижод қиламан. 2009 йиллардаги ижодим ўзимга ёқмайди, шу боис у йиллардаги ижодимдан фақатгина саноқли трекларни ижро этаман. Инсон ўз устида ишлагани сари аввалги ижодидан қониқмаслиги табиий. Мен нaстaлгия хонандаси бўлишни истамайман. Ҳозир яшаяпманми, демак замон билан ҳамнафас бўлишим керак. Бундан ташқари, ҳали асосий ижодимни ёзаётган инсонман ва бу трекларимни 60 ёшга кирганда ҳам айтиш ниятим бор. Яширмайман, кўнглим тўлиб ижод қилаётганимга 2-3 йил бўлди. Менда ҳам ўтиш даври бўлган ва ёзган матнларимнинг кўпидан кўнглим тўлмайди, дейди Конста.
“Таниш-билишим бўлмагани учун аравакаш бўлолмаганман”

— Баъзан ҳаётда учраган қийинчиликлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиришади. “Мен бечора официантлик қилиб қийналганман”, деса ҳамма ачиниш билан қарайди. Аммо у пайтларда официант бўлиш орзу эди. Биринчидан оқ кўйлак кийиб ишга борасиз, иккинчидан ҳамиша қорнингиз тўқ бўлади. Талабалик пайтимда Эшонгузардаги мардикор бозорига чиқиб, иш берувчилар келса, у томонга қараб югурардик. Аммо бу даҳшатли, қўрқинчли ҳаёт эмас, унга жуда оддий қарайман. Зангиота туманидаги маҳаллалардан бирига сув ўтказганимиз, чуқурликка тушиб, турбаларни улаган кунларимни қувонч билан эслайман. Бундан ташқари, аравакашлик ҳам қилмоқчи бўлганман. Аммо бозордан арава олиш таниш-билишчилик бўлгани учун бу ишни қилолмаганман.
У пайтларда коллежда ўқирдим ва бу биз учун одатий турмуш тарзи эди. Бу гапларни менга ачинишлари учун айтмайман, инсон бирор натижага эришиши учун шундай кунларни кўриши ва шунда ҳам мақсади сари интилиши кераклиги ҳақида айтиш учун уларни эслайман, дейди Конста.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда томоша қилинг ва ўзингизни қизиқтирган мавзулар ҳақида изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Изоҳ (0)