Урганч аэропорти Кореянинг Инчон аэропорти билан шерикликда бошқарилиши ҳақида хабар берилган эди. Шавкат Мирзиёев 1 май куни Хоразм вилоятига ташриф буюриб, компания ва лойиҳа раҳбарлари билан суҳбатлашди.
-GLDGTy5d.avif)
Президент матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, Хоразм қадим тарихи ва маданияти билан туризм жозибадорлигига эга. Ҳозирги иқтисодий равнақи туфайли ишбилармонлик ташрифлари ҳам кўпаймоқда. Лекин Урганч халқаро аэропорти аҳоли ва меҳмонлар талабига тўла жавоб бермаяпти. У соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу қатновларни кўпайтириш имконини бермаяпти. Шунинг учун бу аэропортни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш кўзда тутилган.
Ташриф чоғида давлат раҳбарига ушбу лойиҳанинг бориши ҳақида ахборот берилди.
Урганч халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендерда 8 та компания орасидан ғолиб бўлган Корея Республикаси Инчон International Airport Corporation компанияси президенти Инчон халқаро аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи ўринда туриши, сервис бўйича етакчилардан бири эканини айтди. Урганч компаниянинг иккинчи аэропорти бўлишини таъкидлаб, уни янгилаш ва бошқариш режаларини маълум қилди.
-8Gla_Xwt.avif)

Шавкат Мирзиёев бундай илғор компания билан шерикликдан хурсандлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикрларини билдирди.
“Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди”, деди президент.
Хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда самолётлар олиб келиб, ташувларни кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Ушбу шерикликдан фойдаланиб, сервис бўйича Корея тажрибасини ўрганиш, мутахассисларимизни ўқитиш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, ICAO талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш-реконструкция ишлари 2025—2027 йиллар давомида амалга оширилади. Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.
Бўлажак янги терминал лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. Президент унинг ички ва ташқи қиёфасида миллий руҳни акс эттириш бўйича тавсиялар берди.
-dagd7ld6.avif)
Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифидан мақсад
Президент матбуот котиби берган маълумотга кўра, ташриф дастуридан саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ишга туширилган янги объектлар, йирик транспорт инфратузилмаси ва шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишиш ва бошқа тадбирлар ўрин олган. Шунингдек, давлат раҳбари ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказади.
Шавкат Мирзиёев ташриф давомида журналистлар билан бўлган мулоқотда Хоразмга ташрифдан мақсад янги марраларни белгилаб, иқтисодиёт кўрсаткичларини янада ошириш, вилоятда яшаётган 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини яхшилаш, иш ўринлари очиб, одамларнинг даромадини кўпайтириш эканини айтди.
Изоҳ (0)