Исроиллик тадқиқотчилар исмнинг нафақат шахсиятга, балки инсоннинг жисмоний хусусиятларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқладилар. Олиб борилган тадқиқотларга кўра, вақт ўтиши билан бир хил исмли кишилар ташқи кўриниш жиҳатидан бир-бирига ўхшаб борар экан. Тадқиқот натижалари Science Focus журналида эълон қилинди.

Таъкидланишича, тадқиқотнинг асосий нуқтаси “юзни мослаштириш эффекти”, деб аталувчи ҳодиса бўлган. Ушбу ҳодисага кўра, одамлар бошқа шахснинг юзига қараб, унинг исмини тасодифий танлашга қараганда анча кўпроқ тўғри топишга қодир экан. Бунинг сабабини аниқлаш учун тадқиқотчилар бир қатор тажрибалар ўтказган.
Тажрибалардан бирида иштирокчилардан бир қатор фотосуратларни кўриб чиқиш ва таклиф этилган бир нечта вариантлар орасидан исмни танлаш сўралган. Катталарнинг исмларини болаларникига қараганда анча аниқроқ топишган. Болалар ҳолатида натижалар деярли тасодифий эди. Бу эса ёш улғайиши билан ташқи кўриниш ҳақиқатан ҳам исмга “мослашади”, деган тахминни илгари суриш учун асос бўлган.
“Сунъий интеллект алгоритмлари ёрдамида ўтказилган қўшимча таҳлил шуни кўрсатдики, бир хил исмли катта ёшли одамлар кўпинча болаларда кузатилмаган умумий юз хусусиятларига эга бўладилар”, дейди тадқиқотчилар.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, бунинг сабаби ижтимоий стереотиплардир. Стереотиплар исм кийиниш услуби, юз ифодаси, қадди-қомат ва ҳатто хулқ-атвор хусусиятларига таъсир қилувчи маълум кутишларни юзага келтиради. Аста-секин инсон ўз исмига бириктирилган образга мослаша бошлайди.
Шунингдек, “ўзини ўзи оқлаш башорати” эффекти ҳам амал қилади. Атрофдагилар инсонга унинг исмига мос равишда муносабатда бўлади, бу эса ўз навбатида унинг ўзини ҳис қилиши ва хулқ-атворига таъсир кўрсатади. Масалан, мактабларда ўқитувчилар “мураккаб” исмли ўқувчиларга онгсиз равишда бошқача муносабатда бўлишлари ва шу билан турли хил таълим ва ҳаётий тажрибаларни шакллантиришлари мумкин.
Шунга ўхшаш тенденциялар Германияда ҳам қайд этилган. Масалан, Александр ёки София каби кенг тарқалган исм эгалари кўпроқ ишонч ва ёқимлилик уйғотган бўлса, нодир исмлар камроқ ижтимоий жозибадорлик билан боғланган, аммо ғайриоддий карьера эгаларида кўпроқ учраган.
Изоҳ (0)