Бойсундаги газ конидан яна водород сулфид отилиб чиқаётгани акс этган тасвирлар тарқалганди. Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унда келтирилишича, 2025 йил 5 май куни соат тонгги 6:10 да “Мустақиллик-25” конидаги 202-қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилди. Таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди.
“Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмайди.
2025 йил 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилганди. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган эди.
Вазирликнинг билдиришича, аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилади.
Изоҳ (0)