Жиззах вилояти ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи 9 нафар шахс қўлга олинди.
Қайд этилишича, ушбу шахсларнинг барчаси Жиззах шаҳридаги 5 та тунги клубда иш бошқарувчи, ҳисобчи, иш юритувчи, қўриқчи вазифаларида фаолият юритиб келган. Улар воқеа юз берган кечаси “Мирзо Улуғбек” маҳалласида жойлашган ресторанда “нима сабабдан кечаси фаолият юритяпсизлар?!” баҳонасида безорилик содир этилган.
Улар идишларни синдириб, овқатланиш шохобчаси масъулларига босим ўтказишга уринган.
Ўз навбатида жабрланувчиларнинг мурожаати асосида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан қонунбузарларни қўлга олиш чоралари кўрилган.
Суд қарори билан гумонланувчилар майда безорилик ҳамда ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаганликда айбдор деб топган ва уларнинг барчасига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Январь ўрталарида Фарғона шаҳридаги кўнгилочар масканларнинг бирида ички ишлар ходими ва фуқаро ўртасида жанжал юз берганди.
Изоҳ (0)