Ички ишлар вазирлиги “Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги идоралараро буйруқ лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Ҳужжат лойиҳаси билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг сайлов жараёнида иштирок этишга бўлган ҳуқуқи ёритилиб, никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш жараёнлари такомиллаштирилмоқда ҳамда манзил-колонияларда жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсия тайинлаш юзасидан Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этиш ҳуқуқи киритилмоқда.
Аввалроқ ўзбекистонлик депутатлар жиноятлар сони ортгани сабаб шартли озод қилиш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф этгани тўғрисида хабар берилганди. Сенат эса март бошларида бу борадаги тегишли қонунни маъқуллаганди. Апрель охирларида Ички ишлар вазирлиги “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг видеоучрашув орқали онлайн учрашиш имкониятлари такомиллаштирилаётгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйган эди.
Маълумот учун, 2022 йил ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 26 мингдан зиёд маҳкум сақланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда энди маҳкумларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган иши пенсия тайинлашда иш стажига қўшилиши маълум қилинганди.
Изоҳ (0)