Собиқ Урганч шаҳар прокурори Мақсуд Оллоберганов 2014 йилнинг октябрь ойида фуқароларга нисбатан тамагирлик қилганликда сохта айблов билан Урганч шаҳар прокурори лавозимидан ва прокуратура тизимидан бўшатиб юборилган.
Мақсуд Оллоберганов ундан ғайриқонуний равишда ундирилган пул маблағларини қайтариш, ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш йўлида 2022 йили судларга мурожаат қилади. Унинг бу талаблари ҳам қондирилади. Оқлов ҳукмига таяниб, дастлаб бош прокурор номига ўзини прокуратура органларига ишга тиклаш ҳақида мурожаат қилади. Бироқ, унинг қонуний мурожаати қаноатлантирилмайди.
Шундан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича судларга хизмат текшируви хулосасини ғайриқонуний деб топиш, прокуратура органларига ишга тиклаш, мажбурий прогул юрган кунлари учун моддий зарар ундириш ва ўтган даврни иш стажига қўшиш ҳақида даъво аризаси киритади. Иш дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судида, кейин Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилиб, Мақсуд Оллоберганов фойдасига қарор чиқарилади.
Бироқ шунга қарамай, қуйи судларнинг қарорлари ижро қилинмайди: Мақсуд Оллоберганов ишга тикланмайди, суд қарорларида кўрсатилган маблағлар ундирилмайди. Кейинроқ Бош прокуратура Олий судга тафтиш тартибида протест киритади. Унда Олий суддан қуйи судларнинг қарорларини бекор қилиб, Мақсуд Оллобергановнинг даъво аризасини тўлиқ рад қилишни сўрайди.
Олий судда 17 май куни ўтказилган суд мажлисида иштирок этган “Дарё” мухбиринг хабар беришича, Олий суд судьялари собиқ Урганч шаҳар прокурори Мақсуд Оллобергановни прокуратура тизимида ишда қолдириш ҳақида қарор чиқарган. Шунингдек, унинг ҳисобига мажбурий прогул суммаларини ундириш, йиллаб мажбурий бўш юрган кунларини иш стажига қўшиш ҳақидаги қуйи судларнинг қарорини ўз кучида қолдирди.
Изоҳ (0)