Ўзбекистон президент матбуот котиби Шерзод Асадов уч давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстлиги туфайли бугун Фарғона водийси имкониятлар, фаровонлик, тинчлик, яхши қўшничилик ва бунёдкорлик маконига айланганини айтди.

Унинг қайд этишича, 1997 йилда ўз даврининг йирик геостратегларидан бири бўлган Збигнев Бжезинский ўзининг “Буюк шахмат тахтаси” китобида Фарғона водийсини геосиёсий кескинлик ўчоғига айланишини башорат қилган, айрим экспертлар эса ҳатто “порох бочкаси”га ўхшатган эди.
“Дарҳақиқат, учта мустақил мамлакатга дахлдор бу қадимий ҳудудда яқин-яқингача шундай воқеалар рўй бердики, кўпчилик бу машъум башорат ҳақиқатдан унчалик ҳам йироқ эмаслигига ишонганди.
Аммо бугун биз бутунлай бошқача воқеликда яшамоқдамиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра биладиган раҳбарлиги, тизимли ва чуқур ўйланган ислоҳотлари туфайли Фарғона водийсининг учта вилояти ва унинг юраги бўлмиш Андижон бутунлай ўзгариб кетди”, дейди у.
Шерзод Асадов бугунги кунда Андижон иқтисодий ўсиш, тадбиркорлик ташаббуси, инновация руҳи, интеллектуал тараққиёт ва маданий тикланишнинг қудратли марказига айланганини қайд этиб ўтди.
“Бу шундай заминки, ҳар бир янги лойиҳа келажак пойдеворини мустаҳкамлайдиган тамал тошидир. Бу ерда одамлар орзу қиляпти ва ўз мақсадларига эришяпти. Ўқийман, изланаман, даромад топаман ва бошқаларга ҳам даромад манбаи яратаман деганларга — кенг йўл. Янги — Бобур шаҳри қурилмоқда”, дейди Шерзод Асадов.
Унинг таъкидлашича, Андижон — илм, интилиш, меҳнатсеварлик ва тўғри йўлга қўйилган давлат сиёсати бутун бир ҳудудни нақадар ўзгартириб юбориши мумкинлигининг ёрқин намунасидир. Аҳолиси зич, ер ресурслари чекланган, яқингача саноати фақат Асака заводидан иборат бўлиб келган вилоят аҳли президент олиб бораётган ислоҳотлар кучидан, яратилган ҳар бир имкониятдан тўлиқ, максимал даражада фойдаланяпти, ҳар жабҳада реал, кундалик ҳаётда сезиш мумкин бўлган натижаларга эришяпти. Бундан қувонса ва ибрат олса арзийди.
“Эски башоратларни унутиш вақти келди. Эндиликда, шу жумладан уч давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстлиги туфайли бугун Фарғона водийси ъпорох бочкасиъ эмас, балки имкониятлар, фаровонлик, тинчлик, яхши қўшничилик ва бунёдкорлик маконига айланди”, дейди президент матбуот котиби.
Шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган эртанги кунга ишонч ва кучли, адолатли давлат раҳбарининг эътибори билан халқ нималарга қодир эканини исботлаётганини қайд этиб ўтди.
2025 йилнинг бошларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари чегарада учрашганди. Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати хабарида мазкур учрашув уч давлат чегараси туташган ҳудудда ўтказилгани рамзий маънога эгалигини, боиси давлатлар раҳбарларининг кучли сиёсий иродалари ва конструктив муносабатларга асосланган сиёсатлари туфайли минтақада дўстлик ҳамда яхши қўшничилик, кўп қиррали алоқалар мустаҳкамланиб, янги поғонага кўтарилгани қайд этиб ўтилганди.
Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Андижон вилоятига ташрифи давомида Андижон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғидаги халқ сайлида иштирок этиб, Андижонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари билан ҳам учрашганди. Президент мамлакатдаги тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик энг қадрли неъмат эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)