Ўзбекистонда 2024–2025 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши кутилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Лойиҳа билан қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда:
- оилада ва таълим муассасаларида ҳуқуқий тарбияни ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаш;
- давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаш;
- аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаш;
- жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш;
- аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ОАВнинг ролини кучайтириш;
- ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш.
Лойиҳани қабул қилишдан асосий мақсад:
- инсон-жамият-давлатнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш;
- шахсий эҳтиёжлар ҳамда жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлаш;
- мансабдор шахслар ва фуқароларда қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш;
- ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлашдан иборат.
Хусусан, 2024 йил декабрида ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган онлайн ҳуқуқий саводхонлик мактабини ташкил этиш ва у орқали бепул ҳуқуқий ўқув курсларини жорий этиш режалаштирилган.
Давлат органлари ва ташкилотлари учун ижро интизоми ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий қўлланма тайёрлаш кўзда тутилган.
2024 йил август ва 2025 йил май ойларида аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашувни жорий этишга қаратилган “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида аҳолига ҳуқуқий ёрдам беришга қаратилган ҳуқуқий акция ўтказиш белгиланмоқда.
2024—2025 йиллар давомида аҳолини турли ҳуқуқбузарликлар, хусусан, фирибгарлик, товламачилик, ўғирликнинг жабрланувчиси бўлиб қолишининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар (ҳар ойда камида битта тадбир) амалга оширилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)