Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими ва 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлган “Док-1 Макс” сиропи Гамбия давлатида ҳам 69 нафар боланинг ўлимига олиб келган. Шу боис Гамбия ҳукумати ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчиларни судга бермоқда. Бу ҳақда “Док-1 Макс” иши бўйича шикоят аризани кўриб чиқаётган апелляция инстанцияси мажлисида сўз борди.
Судда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Улуғбек Латипов асосий айбдорлардан бири, сироп ишлаб чиқарувчиси, ҳиндистонлик тадбиркор Сачин Жайин жазодан қутулиб қолаётганини айтди.
2022 йилда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилиб, 1,3 миллион нафар аҳолиси бор Гамбия давлатига импорт қилинган сироп таркибида зарарли моддалари бўлгани учун Гамбияда ҳам 69 нафар (Ўзбекистонда 68 нафар бола) бола ўлимига сабабчи бўлган. Гамбия давлати ҳукумати ҳозирда Ҳиндистондаги ишлаб чиқарувчи корхонага қарши даъво ишлари олиб бориш учун АҚШдан халқаро ҳуқуқшуносларни ёллагани аниқланди, — дейди адвокат.
Ҳимоячига кўра, бу жараёнда болалар ўлимига сабабчи бўлган дори воситалари намуналари ЖССТ тизимидаги ваколатли лабораторияларда текширувдан ўтказилиб, натижалари ҳужжатлаштириб олинган.
Муҳтарам раислик қилувчи ва суд ҳайъати аъзолари! Ҳамма ич-ичидан асосий айбдорни Ҳиндистондан қидириш лозимлигини тушуниб турибди. Мазкур илтимосномамиз матнини шакллантирган, шу ишда бошидан қатнашиб келган раҳматли ҳамкасбим Фаррух ака Худойбергановнинг қуйидаги гапларини келтирмоқчиман. “Агар ушбу воқелик бўйича Ҳиндистондаги асл айбдорлар жавобгарликка тортилмасдан қолиб кетаверса, бу жуда нохуш прецедент келтириб чиқариши мумкин, яъни чет эллик дори ишлаб чиқарувчилар сифатсиз маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кирилиши ва одамларимизнинг бу дорилардан заҳарланишлари давом этаверади”. Қолаверса, тергов тили билан айтганда: “тайёр вешдокни ўзимиз йўқ қилиб, кейин асосий жиноятчилар Сачин Жайин ва унинг шерикларига нимага асосланиб айб эълон қиламиз?”. Шу сабаб апелляция судидан билдирилган барча важларимизни инобатга олиб, “Курамакс медикал” МЧЖ ва божхона омборларида сақланаётган, ундан ташқари, дорихоналардан йиғиб олиниб, “Дори-дармон” АК омборларида сақланаётган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларини кўздан кечириб, мавжуд ҳар бир сериядаги дорилардан 30 тадан кам бўлмаган миқдорда намуналарни ажратиб олиш керак. Ва уларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тизимидаги ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги лабораторияларда ГЖХ ускунасида янги тасдиқланган Фармакопея асосида текширувдан ўтказиш керак. 30 тадан кам бўлмаган миқдордаги намуналарни ажратиб олиб, уларни номуайян муддатга махсус омборхонада сақлаб туриш вазифасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклаш ҳақида ажрим чиқаришингизни илтимос қиламан, — деди у.
Яна бир адвокат Аброр Набиев мазкур илтимосномани қўллаб-қувватлар экан, “Наҳотки биз атиги 1,3 миллион нафар аҳолиси бўлган Гамбия давлатичалик бўлолмаймиз? Тергов органи ўз олдига қўйган мақсадга эришдик, деб ўйлаяпти. Воҳаланки, айби йўқ одамларни ҳам мана бу ерга қамаб, жабрланувчилар кўз ўнгида кимнидир жазолагандек кўринишга уринмоқда. Бироқ бу ишдаги энг асосий айбдорлар масаласи очиқ қолмоқда, деди.
Изоҳ (0)