Покистоннинг кўплаб қисмида кучли ёмғир ва бўронлар кузатилмоқда. Табиий офат оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган, яна 20 дан ортиқ киши жароҳат олган. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Жамму ва Кашмир ҳудудида уч киши ҳалок бўлгани ва бир киши бедарак йўқолгани тасдиқланган. Тахминларга кўра, 30 дан ортиқ уй вайрон бўлган.
Панжоб вилоятида кучли довул оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида икки киши ҳалок бўлган, яна 15 киши жароҳатланган. Бундан ташқари, бинолар қулаши оқибатида тўрт киши жароҳат олган.
Хайбер-Пахтунхва провинциясида том қулаши оқибатида бир бола ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган. Шунингдек, бўрон электр таъминотида кенг қамровли узилишларга сабаб бўлган ҳамда уйлар, қишлоқ хўжалиги ерлари ва инфратузилмага зарар етказган.
Расмийлар яқин кунларда мамлакат шимолида кўчкилар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълумот учун, 24 май куни Панжоб вилоятида шу каби об-ҳаво шароити оқибатида 19 киши ҳалок бўлган, 90 дан ортиқ киши жароҳатланганди.
Изоҳ (0)