Украина президенти Владимир Зеленский Ўзбекистон фуқаролари Россия армияси сафида жанг қилаётганини айтди. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг Telegram каналида маълумот берди.

Зеленский тегишли баёнотни 4 август куни Вовчанск йўналишида жанг қилаётган Украина ҳарбийлари билан учрашувдан сўнг берди. Президент учрашувда жанглар динамикаси муҳокама қилинганини айтди.
Дронлар билан таъминлаш ва уларни қўллаш, рекрутинг ва бригадаларни тўғридан тўғри молиялаштириш масалаларини алоҳида кўтардик. Бу йўналишдаги жангчилар Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма аскарларнинг урушдаги иштирокини қайд этмоқда. Муносабат билдирамиз, деди Зеленский.
Ўзбекистон фуқароларининг урушдаги иштироки
Россия 2025 йилда армия билан шартнома тузган камида 902 нафар Ўзбекистон фуқаросини урушга ёллаган. Улар орасида 18-19 ёшли фуқаролар ҳам бор. Бу ҳақда июль ойида манбаларга таяниб “Хочу жит” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси хабар берган эди.
Маълум қилинишича, ўзбекистонликларни ёллаш учун Россия аввалгидек усуллардан фойдаланмоқда. Жумладан, меҳнат муҳожири сифатида келган Ўзбекистон фуқаролари юқори маошли иш баҳонасида қурилишларга ёки армиянинг фронторти бўлинмаларига ёлланади. Асосий рағбат сифатида уларга Россия фуқаролиги ваъда қилинади. Ҳозирда Украина асирлигида 33 та давлат фуқаролари бор. Чет эллик ҳарбий асирлар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради.
Апрель ойида “Хочу жит” лойиҳаси Россия армияси билан шартнома тузиб, Украинага қарши урушда қатнашган 1100 киши ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган. Ўшанда рўйхат тўлиқ эмаслиги, агар Россия армияси сафида жанг қилаётган этник ўзбеклар ҳисобга олинса, уларнинг сони бир неча минг кишига етиши таъкидланган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабати
Ўзбекистон расмийлари Украинага қарши урушда Россия армиясига ёллангани айтилаётган ўзбекистонликлар рўйхати бўйича текширув олиб бормоқда. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу маълумотлар ваколатли органлар томонидан текширилаётганини айтган.
У Ўзбекистон фуқароларининг хорижий ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши тақиқланганини таъкидлаб, маълумотлар тасдиқланса, тегишли чоралар кўрилишини билдирганди. Бироқ, мазкур баёнотдан кейин Ўзбекистон фуқароларининг урушга ёллангани эҳтимоли бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Ўзбекистон фуқароларига чет давлатларининг ҳарбий хизматига ёлланиш тақиқланган
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади. Урушга одамларни ёллаш, уларни ўқитиш ва улардан ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.
Жиноят кодексининг 154-1-моддасига асосан, чет давлатлар ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланган Ўзбекистон фуқаролари 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Изоҳ (0)