Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 11 июнь куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо, Masdar, Indorama, ACWA Power, Vision Invest, DataVolt, Veon, Boeing, Air Products, SpaceX, Meta, John Deere, Franklin Templeton, Suez, EDF, Total Energies, Voltalia”, Orano, Linde, Claas, Sojitz, Bomi, OTP Bank, Goldwind, Çalik, Çengiz, Aksa, JBIS каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари — Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бу галги мажлисда иштирок этаётган компаниялар “яшил” энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, электр энергиясини сақлаш, “яшил” водород ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни бошлади.

Хусусан, АCWА Power, Masdar, Linde, Shanghai Renewable Energy ва Total Energies компаниялари 8 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритиб, “яшил” иқтисодиёт ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар соҳасига жаҳонга машҳур нуфузли компаниялар ҳам фаол кириб келмоқда. DataVolt компанияси минтақадаги энг йирик “яшил” маълумотлар марказини барпо этиш, Veon эса сунъий интеллектга асосланган мобил супериловани яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.
“Буни хорижий инвесторларнинг ислоҳотларимиз ва очиқлик сиёсатимизга бўлган юксак ишончи ифодаси, деб биламан”, деди президент.

Кенгашга аъзо Халқаро молия корпорацияси, Ernst&Young, Dentons, Knauf ва TBC компаниялари томонидан миллий қонунчиликни халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Уларнинг янги ташаббус ва ғоялари 10 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларда ўз ифодасини топди.
Давлат раҳбари бизнес учун базавий солиқ ставкалари 2028 йилгача ўзгармаслигини маълум қилди. Умуман, инвестиция муҳити яхшилангани натижасида сўнгги 2 йилда Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокида 5,5 мингта янги корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 16 мингтага етди.
-ZH2NjDzZ.avif)
Қайд этилишича, бугунги учрашувга тайёргарлик доирасида хорижий ҳамкорларнинг 40 дан ортиқ ташаббуслари саралаб олинди. Хусусан, инвесторлар томонидан солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлаш, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар сонини кўпайтириш, инфратузилма лойиҳаларида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
2025 йилда йўл қурилиши, транспорт, энергетика, сув таъминоти, ирригация ва бошқа соҳаларда қарийб 4,5 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бошланган. Молиявий ҳисоботнинг, шунингдек, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
Келиб тушган таклифлар асосида гаров тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, хорижий компаниялар учун профессионал кадрлар тайёрлаш, маҳаллий компанияларда корпоратив бошқарувни яхшилаш, солиқ маъмурчилиги бўйича қўшимча ишчи гуруҳлар ташкил этилади.
Кенгаш котибиятининг мустақиллигини ошириш ва уни алоҳида юридик шахс сифатида қайта ташкил этиш таклиф этилди.
Хорижий инвесторлар кенгаши учинчи ялпи мажлисидан лавҳалар



-ne-Pd_s4.avif)



-fYlOS8DX.avif)





Хорижий инвесторлар кенгаши ялпи мажлиси ҳақида
Хорижий инвесторлар кенгаши ялпи мажлиси учинчи бор ўтказилмоқда. Биринчи ялпи мажлис 2022 йилда бўлиб ўтганди. Хорижий инвесторлар кенгаши президентининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси илғор жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беришдан иборат.
Изоҳ (0)