Қашқадарёда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланади. Бу ҳақда 20 июнь куни вилоятни комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Президент раислигидаги йиғилишда қайд этилишича, чорвачилик учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 ойгача 14 фоизли кредитлар ажратилади. Бу орқали вилоятдаги 127 та чорвадор тўлиқ қувватга чиқади. Ери ҳам, фермаси ҳам мавжуд бўлган 630 та чорвадорга мол сонини 12 минг бошга кўпайтириши учун арзон ресурслар ажратилади.


Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга халқаро молия институтларидан жалб қилинган 150 миллион доллар ҳисобидан ушбу лойиҳаларни молиялаштиришни бошлашни топширди.
Давлат раҳбари Қашқадарёнинг ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкинлигини айтди. Шу муносабат билан Қашқадарёда вилоят “Ислоҳотлар штаби” тузилиши белгиланди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи биринчи куни
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ҳудудлар ривожи, ислоҳотлар натижадорлиги билан танишиш мақсадида келганди. 19 июндаги ташрифини Қарши шаҳридаги “Алп техно сервис” электротехника корхонаси билан танишувдан бошлади. Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга поездда борди ва у ерда кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди. Яккабоғ туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди. Шаҳрисабз тумани Ҳисор тоғи ён бағридаги сайёҳлик салоҳияти билан танишди. “Мираки” халқаро туризм марказига ташриф буюрди. “Ҳисорак”да 1,5 миллион долларга қурилган кичик ГЭСни кўздан кечирди. Шаҳрисабз туманидаги агротуризм мажмуасини бориб кўрди.
Изоҳ (0)