Такси ҳайдовчиларини доимий яшаш жойида ишлашга мажбурлаш аҳмоқлик, дейди иқтисодиёт фанлари доктори, Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Абдулла Абдуқодиров.
Ўзбекистонда йўналишсиз такси ҳайдовчилари доимий яшаш ҳудудидагина лицензия олиши ва ишлаши мумкинлиги маълум қилинди. Абдулла Абдуқодиров Тошкент халқаро инвестиция форумида “Дарё”га берган интервьюсида мазкур қарорга муносабат билдирди.
“Тошкентда тирбандлик жудаям кўпайиб кетган. Шунинг сабабчиларидан бири таксилар кўпайгани. Лекин такси соҳасида рақобат борлиги учун нархлар арзон. Уларни вилоятларга қайтарган билан тирбандлик камаймайди. Билмадим, мақсад нима, лекин мен бунга жуда ҳам қаршиман. Бу ҳамма учун ёмон таъсир қилади. Масалан, иш ўринларини яратишда салбий эффект беради. Таксидаги рақобатга путур етказади. Ҳозир асосий вазифамиз нима? Иш ўринлари яратиш, ўзини ўзи банд қилганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш. Биз бунақа нотўғри қарорлар билан тескари томонга интиламиз. Юқори трибуналардан битта сиёсат юритамиз, амалиётда бошқа нарса бўлиб қолади. Бунақа бўлмаслиги керак”, деди иқтисодчи.
Тошкент шаҳрида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишда ҳайдовчиларнинг фақат ўз ҳудуди ва унга туташ ҳудудларда хизмат кўрсатиши белгилангани кенг жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Халқ демократик партияси мазкур ҳолатни ўрганиб, бу каби чекловлар Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясига зид эканини маълум қилди. Шу билан бирга, партия Транспорт вазиридан масалага тушунтириш беришини сўради.
Изоҳ (0)