Мўғулистоннинг Hunnu Air авиакомпанияси 2025 йил сентябрида Улан-Батордан Тошкентга илк парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 июнь куни Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида транспорт вазири биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Hunnu Air авиакомпанияси раҳбари Пуревжав Мунхжаргал билан учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар Улан-Батор шаҳридан Тошкентга тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Музокара давомида Hunnu Air авиакомпаниясига керакли слотлар ажратилиши масаласига аниқлик киритилди ҳамда транзит йўловчиларга хизмат кўрсатиш механизми ва тартибини мувофиқлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. Томонлар фуқаро авиацияси соҳасида келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид келишувларга эришди.
Hunnu Air Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўймоқчилиги ҳақида 2025 йил февралида маълум бўлганди. Авиакомпания вакиллари Uzbekistan Airports билан музокаралар олиб борганди. Дастлабки маълумотларга кўра, парвозлар Embraer 190 русумли самолётларда амалга оширилади.
Hunnu Air — 2011 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Улан-Батордаги Чингизхон номидаги халқаро аэропортида жойлашган хусусий мўғул авиакомпанияси. Авиакомпания АТР 72-500 ва Embraer 190 самолётларида ички ва халқаро қатновларни амалга оширади.
Изоҳ (0)