Мамаризо Нурмуродов Марказий банк раиси лавозимидан озод этилиши кутилмоқда.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев томонидан Сенатга Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Мамаризо Нурмуродов 2017 йилдан буён Марказий банк бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётганди.
У 1960 йили Самарқанд вилоятида туғилган. 1977 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1982 йилда Ленинград иқтисодиёт-молия институтини тамомлаган. 1985—1988 йилларда Москва Молия институти аспирантурасида таҳсил олган. Иқтисодиёт фанлари номзоди Мамаризо Нурмуродов 2000—2004 йилларда молия вазири бўлган. 2004—2006 йилларда Самарқанд ҳокими лавозимида ишлаган. 2006—2017 йилларда Марказий банк раиси маслаҳатчиси, 2017 йил июнда Марказий банк раиси лавозимига тайинланган. 2022 йил май ойида у навбатдаги муддатга Марказий банк бошқаруви раиси этиб тайинланганди.
Хабарларга кўра, унинг ўрнига бошқарув раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Нодирбек Сайдуллаев тайинланиши кутилмоқда. Нодирбек Сайдуллаев 2022 йил октябридан буён Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Ундан аввал “Асакабанк” бошқарув раиси лавозимида ишлаган.
Марказий банки раиси – бошқарув раиси Марказий банк бошқаруви фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади. Марказий банк ижро аппарати, Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати, Юридик департаменти ҳамда Кредит қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга кўра, Марказий банк Сенатга ҳисобдордир. Сенат президент тақдимига кўра Марказий банк бошқарувининг раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Марказий банк раисининг ваколат муддати 5 йил. Марказий банк раиси бўлмаган пайтда унинг вазифаларини ўринбосарларидан бири бажаради.
Изоҳ (0)