Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Самандар Ҳамроқулов мухлисларга хонанда, режиссёр ва актёр сифатида яхши таниш. Бу йил 46 ёшни қаршилаган ижодкор, шу кунгача кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган. Унга санъатда ўз ўрнини топиш осон кечган эмас. Қуйидаги мақолани ўқиб, бунинг сабабларини билишингиз мумкин.
“Даданг аварияда ўлди...”
Самандар Ҳамроқулов 1978 йилнинг 23 декабрь куни машҳур қизиқчи Рустам Ҳамроқулов оиласида дунёга келган. Унинг Искандар исмли акаси ва Севара исмли синглиси бор. Отаси машҳур қизиқчи, онаси эса филолог бўлган. Фарзандларнинг бари болаликдан санъатга меҳр қўйган. Аммо отасининг эрта вафоти сабаб, оила кўплаб қийин кунларни бошдан кечирган.
— Рустам ака авлиёсифат, эртанги кунини олдиндан кўра биладиган инсон бўлган экан. Фарзандларимиз улғайиб қолгач, Наманганда қурилиш ишларини бошлагандик. Рустам ака ўлимидан бир ҳафта олдин роса шошиб қолгани, ҳазил тариқасида васият қилганини эсласам... “Хотин, орқамда қол, мендан кейин турмуш қурмагин, фарзандларимизнинг келажаги ёруғ, агар уларга эътибор берсанг, сени юзага олиб чиқишади!” деб бир неча бор такрорлади. Бор сармоясини тўплаб, Наманганга қурилиш молларини олиб кетаётганда йўлини тўхтатдим. “Уйни тезроқ битириш керак, ҳадемай қиш бошланади, болалар ҳам улғайиб қолди” дея қўярда-қўймай 30 сентябрь куни йўлга отланди. Бу турмуш ўртоғим билан сўнгги учрашувимиз бўлди. Қайтишига тайёрлаб қўйган кўк ловияли ошни ейиш ҳам у кишига насиб этмади. 1 октябрь куни тун ярмида қўнғироқ қилиб, юк машинаси ҳалокатга учрагани ва Рустам Ҳамроқулов оламдан ўтганини айтишди, дейди марҳум қизиқчининг аёли Мавлуда Ҳамроқулова.
“Отанг ўлиб кунларинг буханкага қолдими?”
Рустам Ҳамроқуловнинг фожиали ўлими тилларда достон бўлди. Уч бола билан бева қолган Мавлуда Ҳамроқуловага фарзандларини тарбиялаш билан бирга, рўзғор юкини ҳам тортиш осон эмасди.Самандар Ҳамроқулов отасининг душманлари қўнғироқ қилгач, онасининг кўзёш тўккани ҳақида гапирди.
— 1989 йили дўконларда маҳсулотлар кам, одамлар нонни ҳам навбат туриб оладиган пайтлар эди. Моддий жиҳатдан қийналиб қолганмиз, онам билдирмасликка ҳаракат қилса-да, унинг эзилаётганини ҳис қилардим. Бир куни нон олиб келиш учун дўконда кетганман. Бир неча соат навбатда туриб қолиб кетганман. Синглим уйда эди, телефон жиринглабди. “Гадонинг душмани гадо бўлади”, дейишганидек дадамни ёқтирмайдиганлар ҳам бор эди. Бир киши қўнғироқ қилган, синглим гўшакни кўтариб “Ҳеч ким йўқ, акам буханка олгани кетди”, деган. У одам кулиб “Отанг ўлиб, кунларининг буханкага қолдими?” деб гўшакни қўйиб қўйибди. Шу орада ойим келган, синглим қўнғироқ қилган одамнинг гапларини айтиб берган. Нонни олиб уйга келсам, онам йиғлаб ўтирибди. Чунки биз фарзандлар муҳаббатдан туғилган эди. Дадам ва онамнинг муносабатлари ҳамиша илиқ бўлган. Онам йиғлаб “Беванинг устидан кулишмасин, Худойим уларни ҳам шу билан синамасин”, дегандим. Мана шу манзара ҳалигача кўз олдимдан кетмайди, дейди Самандар Ҳамроқулов.
“Онамни йиғлатганман...”
Самандар Ҳамроқулов илк бор тўйга чиққани ва даромадидан онасини қувонтиргани ҳақида гапирди.
— Отамнинг ўлимидан кейин мухлислари Алишер амакимни тўйларига айтишни бошлашган. Онам иккимиз бувимнинг уйига келганмиз. Шунда келинойим хитой халатини олиб чиқиб, эгнига илиб кўрсатганди. Онам қувониб қараб турди, унинг кўзларидан “Қанийди менинг ҳам турмуш ўртоғим ҳаёт бўлганида менга ҳам олиб берарди”, деган маънони уқдим. Тўғри ёш боламан, аммо аммо албатта, шундай халатдан олиб бераман деб ният қилдим. Шу орада амаким келиб “Юр сени ҳам тўйга олиб борайми?” деди. Жон деб рози бўлдим. Амаким тўйда бошловчилик қилар, мен эса четда уни кузатардим. Бир киши амакимдан “Ким бу бола?” деб сўради. Рустам Ҳамроқуловнинг ўғли эканлигимни эшитганида қувониб, бағрига босди “Сен ҳам қизиқчиликка қизиқасанми? У бу нарса айтиб берасанми?” деди. Мен жуда кўп шеър билардим, қизиқчиларнинг ҳам кассетасини кўп эшитардим. Саҳнага чиқиб, бор маҳоратимни кўрсатдим, менга 50 рублча пул қистиришди. Қувониб тўйдан кейин келинойимдан хитой халатини сотишни сўраганман ва ўша куни уни онамга олиб берганман. Онамнинг ўша пайтдаги қувончини сўз билан ифодалай олмайман, дейди Самандар Ҳамроқулов.
“Севги фазоси”га уланган “Муҳаббат синовлари”...
Самандар Ҳамроқулов Фаробий номидаги 2-мактабда ўқиб юрган кезларида, устоз санъаткорларнинг қўшиқларини хиргоя қилишни бошлайди. Мактабдан сўнг Тошкент Давлат Санъат институтининг “Мусиқали драма” факультетини тамомлайди. Самандарнинг илк ижодидаги “Севги фазоси” қўшиғи хит даражасига етди. Сўнг “Асалим гўзал”, “Самандар тангоси” ҳамда 2002 йилда суратга олинган Рустам Саъдиевнинг “Муҳаббат синовлари” фильмига ишланган “Сен ўзинг” соундтрекни жуда ҳам оммалашиб, хит тарона даражасига етди.
— Рустам Саъдиев талабалик пайтларимизда Юлдуз Усмонованинг ъМуҳаббатжонъ қўшиғига клип суратга олмоқчи бўлиб, институтга келди. Бош ролларга мени, Илмира Раҳимжонова ва Дилшодбек Каттабековни танлаб олди. Сценарий тайёр бўлганидан кейин Юлдуз Усмоновага кўрсатишга олиб бордик. Сценарийни ўқиган Юлдуз Усмонова “Рустам буни кино қилиб қўйибсизку! Сиз буни кино қилиб олинг”, дедилар. Рустам ака “Мен ҳеч қачон кино олмаганманку”, дедилар. “Рустам қачонгача клип ишлаб юрасиз, кино ҳам олинг, ҳаракат қилинг”, деди Юлдуз Усмонова. Шу билан ъМуҳаббатжонъ клипига ёзилган сценарий асосида “Муҳаббат синовлари” фильми суратга олинди, — дейди Самандар Ҳамроқулов.
“Онамга севганим маъқул келмаган”
Самандар Ҳамроқулов марҳум актриса Гавҳар Шарипова билан севгиси, онаси рози бўлмагани учун унга уйлана олмагани, уни ҳозиргача намозларида дуо қилиши ҳақида гапирган.
— У пайтда жуда ёш бўлганман, охирини ўйламай иш қилардим. Яширмайман, у ёшда инсон ақлга эмас, нафсга қулоқ соларкан. Уни яхши кўрардим, кўнглим бор эди. У рус мактабида ўқиган замонавий кийинадиган қиз эди. Кўнгил берганим учун уни онамга кўрсатдим. Онамга маъқул келмаган бўлса ҳам у билан ажралишимиз жуда қийин бўлди. Кейинчалик мен жуда асабий бўлиб қолдим, у билан жуда кўп уришардик. Унинг ҳам ўзига яраша феъл-атвори бор эди, унча-мунча нарсадан қайтмасди. Лекин мен кўп кечирим сўрардим, чунки уни мен кўпроқ хафа қилардим. Кейинчалик у ҳам, мен ҳам оила қурдим. Шундан сўнг концерт ёки тўй хизматларига борсам, у бошловчи бўлиб ишлаётганини кўриб қолардим. Мени кўрса, бекиниб оларди. Билардимки, у мендан қаттиқ хафа. Али (Ниёзимбетов) ҳам менга айтди: “Бир жойда кўрдим, сал бошқачароқ бўлиб қолибди. Шу қиздан узрингни сўраб, орани очиқ қилиб олгин”. У қиз билан ҳаммасини гаплашиб олганман.
Барибир ўзимни айбдор ҳис қиламан. У оламдан ўтганда мен жуда қийналдим. Намозларимда унинг ҳақига дуо қиламан. Яхши қиз эди. Ўз характерига эга бўлган чиройли, ақлли қиз эди. Ёзадиган шеърлари одамни йиғлатарди. Дунёқараши кенг эди. Ҳар қанча севишга арзийдиган қиз эди.
Иккаламизнинг ҳам ўзимизга яраша хатоларимиз бўлди. Лекин аксарият хато менда бўлди дейман. Курашишим керак бўладиган нарсалар бор эди, аммо мен курашмадим. Менимча, қўрқоқлик қилдим. Хатом шу деб биламан, деганди Самандар Ҳамроқулов.
“Икки аёлни севолмайман”
Самандар Ҳамроқулов 2007 йилнинг 10 август санасида Дилнозахон билан турмуш қурган. Аммо эр-хотинни ҳаёт узоқ вақт синади, улар фарзандли бўлишни 15 йил кутишди.
— Фарзанд асраб олиш ҳақида ҳар доим ўйлаймиз. Ҳалигача бор бу фикр. Лекин унинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор экан. Асраб олган фарзандингиз ўғил, ўзингизники қиз бўлса, дейлик, улар бошқа-бошқа хоналарда ухлаши керак экан. Чунки асраб олган фарзандингиз ўзингизникига номаҳрам ҳисобланар экан. Бу ҳақда шайх ҳазратларининг китобларида келтирилган. Бошқа аёл билан ҳам оила қуриш ҳақида айтишган. Аммо мен меҳримни иккига бўлолмайман, аёлимни яхши кўраман. Иккинчи аёлга уйланганида нафақат уни моддий томондан таъминлаш керак, балки унга ҳам меҳр бериш керак. Адолатни таъминлаш қийин бўлади. Мен икки аёлни бирдек яхши кўра олмайман, деганди Самандар Ҳамроқулов.
“Кўз тегдимикан?”
Самандар ва Дилноза Ҳамроқулова 15 деганди фарзандли бўлишди. Аммо хонанда анча вақтгача бу хабарни оммадан яширди.
— Аллоҳ Таоло бизга қиз фарзанд берди. Исмларини Марям деб қўйдик. Аллоҳ сабр қилган одамнинг дуосини ижобатсиз қолдирмас экан. Инсон сабрли бўлиши керак экан. Ҳамма яхшиликлар сабр қилган инсонга берилар экан. Бу янгиликни ҳеч қаерда овоза қилишни истамадим. Кўз, назар деган нарса бор. 15 йил аввал фарзанд бўлиб, охиригача ривожланмай нобуд бўлиб қолган пайтда ҳам ичимдан “Эртароқ хурсанд бўлиб қўйдиммикан”, деган ўй ўтган. “Янгилик борми?”, деб сўраган танишларга хурсанд бўлиб, “Ҳа, мана бунча ҳафталик бўлди, бунчалик бўлди”, деб айтганман. Шунинг учун кўз тегдимикан, деб ўйлаб қолганман, деганди хонанда.
Самандар Ҳамроқулов актёр ва хонанда сифатида танилган бўлса-да, у кейинги пайтларда асосан бошловчи сифатида фаолият юритмоқда. У Instagram тармоғига қизи Марямхон билан сайр қилгани ҳақидаги видеоларни жойлайди. Ишдан бўш вақтларида эса ёшларга шоуменлик бўйича устозлик ҳам қилади.
Изоҳ (0)