Россияда мигрантларни мактаб ва боғчалардан 200 метрдан кам масофада яшаши тақиқланиши мумкин. Давлат думасида тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Либерал демократик партияси раҳбари Леонид Слуцкий маълум қилди.
Биз меҳнат мигрантларининг таълим муассасалари ҳудудидан 200 метрдан кам масофада яшашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Шунингдек, мактаб, боғча ва болалар бўладиган бошқа муассасалар биноларида мигрантларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблаймиз, деди Слуцкий.
Амалдаги қонунчилик меҳнат мигрантлари яшаш жойларини танлашига ҳеч қандай чеклов қўймайди. Слуцкийнинг сўзларига кўра, кўплаб хорижликлар кўпинча таълим муассасалари яқинида яшайди, бу эса вояга етмаганлар учун ножўя хатти-ҳаракатлар юзага келган тақдирда “потенциал хавф” туғдиради.
Ҳужжатда, шунингдек, меҳнат мигрантларининг бино ва хоналарни таъмирлаш ишлари доирасида бевосита таълим ташкилотлари ҳудудида яшаши ҳолатлари учраётгани айтилади.
Слуцкийнинг таъкидлашича, вақтинча фаолият кўрсатмаётган таълим муассасалари биноларида мигрантларнинг яшаш ҳолатлари кузатилган. Бу бинолар ижарага берилган бўлса-да, уларнинг асосий мақсадли вазифаси ўзгартирилмаган.
Изоҳ (0)