Ўзбекистонга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган автомашина божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, божхона кўриги натижасида машинанинг юк хонасида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 16 дона қадоқда 2 800 дона 5,5 мм калибрли пневматик қурол ўқлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўқ ва қурол олиб ўтишга уриниш ҳолатлари
Май ойида “Ғишткўприк” чегара-божхона пости орқали ноқонуний равишда олиб кирилаётган қурол тўхтатиб қолинганди.
Августда эса Санкт-Петербург—Тошкент йўналиши бўйича учиб келган хориж фуқаросига тегишли бўлган 1 дона қора рангли йўл сумкаси божхона кўригидан ўтказилганда юклар ичидан божхона назорати учун белгиланган тартибда тақдим этилмаган ва ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз бўлган 1 дона пневматик қурол ва 1 дона пневматик қуролдан отиш учун мўлжалланган 290 дона шариклар (золдир) борлиги аниқланганди.
Сентябрьда ҳам Россиядан келган фуқаро Ўзбекистонга ўқотар қуролни яширинча олиб кирмоқчи бўлганди.
Умуман олганда, 2024 йилнинг 9 ойида божхона органлари томонидан 888 кг гиёҳвандлик воситалари, 406 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар ушлаб қолинган.
Маълумот учун, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш ва транзитини амалга оширишда, тегишли органлар рухсатномаларига кўра амалга оширилади.
Изоҳ (0)