Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан бизнес мулоқотда тадбиркор Сурхондарё, Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистонда шоли экишга чеклов киритиш таклифи билан чиқди, деб хабар бермоқда Spot.
10 август куни ташкил этилган учрашувда Қорақалпоғистонда фаолият юритувчи фермер хўжалиги раҳбари Ғайрат Аҳмедов Қорақалпоғистонда икки йилдан буён шоли экиш бўйича муаммо мавжудлигини айтган.
Шоли экишга тақиқ қўйилмоқда ва бунга сув танқислигини сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Бироқ бизнинг олдимизда Амударё (суви) Хоразм, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан (ўтиб) келади. Бу вилоятларга лимит йўқ. Бухорода минглаб гектар жойда сариқ қумни очиб, дарёдан сув олиб, шоли экилмоқда. Бизда эса тайёр турган ерга эктиришмаяпти, деган тадбиркор.
Ғайрат Аҳмедов мазкур муаммони давлат раҳбари доирасида олиб чиқишни сўради. Тадбиркор Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари, шу билан бирга Қорақалпоғистоннинг ҳам барча туманларида чеклов жорий қилишни таклиф этди.
Фермернинг 10 фоиз ерига шоли экиш белгилаб берилсин, “мана шу жойга экасан, ундан ортиқ эксанг жазога тортиласан”, деб ишлаб берсин. Нимага дарё Сурхондарёдан бошланади-ю, охирида Бухородан ўтади, Хоразмдан ўтади сув тежалмайди, Қорақалпоғистонга келган пайтида эса тежалиши керак?, деди у.
Бундан ташқари, тадбиркор пахта ва буғдой бўйича давлат буюртмасини “Агроплатформа” ахборот тизими орқали ҳудудлар кесимида тақсимлаб беришни жорий этиш таклифини билдирди.
Изоҳ (0)