Мадриднинг “Реал” клуби Лиссабоннинг “Бенфика” жамоасида тўп сураётган испаниялик ҳимоячи Альваро Каррерас трансфери юзасидан оғзаки келишувга эришди. Бу ҳақда машҳур инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Манбага кўра, 22 ёшли футболчи “Реал Мадрид”га 50 миллион евро эвазига ўтади. Клуб бу суммани бир йўла эмас, балки бир неча босқичда тўлаб бериш шарти билан келишувга эришган.
Шунингдек, Каррераснинг аввалги клуби — “Манчестер Юнайтед” футболчининг маълум фоиз ҳуқуқларига эга бўлиб, инглизлар қайтариб сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечишини расман тасдиқлагач, футболчи Мадридга йўл олади ва трансфер расмийлаштирилади.
Аввалроқ “Реал” Каррерас билан шахсий шартнома борасида тўлиқ келишувга эришгани хабар қилинган эди. Қолаверса, битим доирасида “Реал Мадрид”нинг ёшлар жамоасида тўп сураётган чап қанот ҳимоячиси Рафаэл Обрадор “Бенфика”га йўл олиши режалаштирилмоқда. Томонлар бу икки трансферни алоҳида келишувлар сифатида расмийлаштиришади.
Альваро Каррерас ўтган мавсумда барча турнирларда 52 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 4 та гол ва 5 та голли узатма ёздириб қўйган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 35 миллион евро деб баҳолаган.
Маълумот учун, Каррерас 2017 йилдан 2020 йилгача “Реал”нинг ёшлар жамоасида тўп сурган. Шундан сўнг у эркин агент сифатида “Манчестер Юнайтед” сафига қўшилган. Англия клуби 2024 йилда уни 6 миллион евро эвазига “Бенфика”га трансфер қилган эди.
Изоҳ (0)