Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Чорвоқ сув омборига оқова сув қуйилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумот берди.

Унга кўра, ҳолат вазирлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда манфаатдор идоралар мутасаддилари иштирокида жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш натижасида Бўстонлиқ тумани, “Навобод” МФЙ ҳудудида жойлашган Чорвоқ сув омборининг (умумий ҳажми – 2006,0 млн м³) “томоша қилиш майдончаси”дан кўриниб турган д-600 мм ли чўян қувурдан боғдорчилик фермер хўжалигининг суғориш мақсадида ишлатадиган сувлари оқаётгани ҳамда унинг ёнида ичида электр кабеллари ўтган полипропилен қувурлар (д-76 мм ва д-100 мм) экани аниқланди.
Ўрганишга вилоят экология бошқармасининг ҳамда туман Жамоат саломатлиги ва ЭОМнинг лабораториялари жалб қилиниб, д-600 мм бўлган қувурдан оқаётган сувлардан таҳлил намуналари олинди. Дастлабки сув намуналари асосида олинган кимёвий таҳлиллар натижасида сув таркибида ифлослантирувчи моддалар аниқланмади. Олинган сув намуналари талабларга мос келиши маълум бўлди.
Ушбу ҳудудда марказлашган оқова сувларни қабул қилиб олиш учун “Чимган Чорбоғ магистрал сув тармоғи” АЖга қарашли д-800 мм бўлган “Бақачол” оқова сув коллектор мавжуд бўлиб, ушбу коллектор Чирчиқ оқова сув тозалаш иншоотига бориб қуйилади.
Чорвоқ сув омбори атрофидаги 550 нафар I-гуруҳ (аҳоли) истеъмолчи ҳамда 4 нафар II-гуруҳ (бюджет) ва 38 нафар III-гуруҳ (бюджетдан ташқари юридик шахслар) истеъмолчининг оқова сувлари мазкур оқова сув тармоғига шартнома асосида ташлаб келинади.
Сув омбори сатҳи периметр бўйлаб чиқилганда, сув омборига оқова сувлар оқизилмаётгани, шунингдек, сув омборига қуйиладиган барча сув йўлларига оқова сувлар ташланиш ҳолати аниқланмади. Сув омборидаги гидротехника иншоотлари хавфсизлигига ва техник ҳолатига таъсир этувчи омиллар мавжуд эмас. Яъни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Чорвоқ сув омборига оқова сувлар қуйилаётгани тўғрисидаги хабар ўз тасдиғини топмади.
Республикада қарийб 7 миллион кишига ичимлик суви етиб бормайди. Бу ҳақда жорий йил 11 июнь куни ўтказилган “Тошкент халқаро инвестиция” форумида Жаҳон банкининг сув таъминоти ва оқова тизими бўйича катта мутахассиси Одете Муҳимпуа айтди.
Одете Муҳимпуа ўрганишларига кўра, мамлакатда сув билан боғлиқ инфратузилмалар етарли эмас.
“Ўзбекистонда 7 миллион одам ҳали ҳам тоза ичимлик сувига эга эмас. Оқава сувларнинг учдан бир қисмигина қайта ишланади. Чунки қайта ишлайдиган корхоналар етарли эмас. Муаммо фақатгина сув билан боғлиқ бўлмай, пул етишмаслиги ҳам муҳим омилдир. Сув таъминоти ҳажмини ошириш учун халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарур. Фақатгина давлат молиялаштириши барча муаммони ҳал қила олмайди. Жаҳон банки Ўзбекистонда сув, ирригация ва сув ресурсларини бошқариш тармоқларига 700 млн доллар инвестиция йўналтирган”, деди мутахассис.
Муҳокамада “Ўзсувтаъминот” АЖ раис ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев ҳам иштирок этган. Ташкилот расмийсининг айтишича, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)