Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига бугун, 9 август куни Япония элчиси Хатори Такаши ташриф буюрди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Элчи Япония бош вазири Фумио Кишиданинг 10—11 август кунларига мўлжалланган Ўзбекистонга ташрифи қолдирилгани ҳақидаги расмий нотани топширди.
“8 август куни кечқурун Миядзаки префектураси қирғоқларида 7,1 магнитудадан ортиқ зилзила содир бўлди, шундан сўнг мавжуд вазият жиддийлигидан келиб чиқиб, фавқулодда чоралар кўрилмоқда. Япония метеорология хизмати биринчи марта йирик зилзила эҳтимоли ошиши ҳақида огоҳлантирди. Япония ҳукумати зарарнинг кучайишига йўл қўймаслик чораларини кўриш учун табиий офатларни бошқариш бўйича йиғилиш ўтказди”, дейди элчи “Дунё” ААга берган интервьюсида.
Таъкидланишича, бир ҳафта ичида магнитудаси 6 балдан юқори бўлган зилзила содир бўлиш эҳтимоли ошган, бунга қарши Япония ҳукумати етказилган зарарлар ҳақида маълумот тўплашни давом эттирмоқда ва зудлик билан зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш даражасини оширмоқда.
Мазкур фавқулодда вазиятда бош вазир Фумио Кишида “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти саммитини ва Ўзбекистонга ташрифини кейинга қолдиришга мажбур бўлди. Қарор инқирозни бошқариш ва инқирозга қарши чораларни таъминлаш учун қабул қилинди. Ҳозирги фавқулодда вазиятни ҳисобга олсак, бу жуда қийин қарор. Япония томони Ўзбекистон томонининг тушунишига умид қилмоқда.
Элчи Япония ҳукуматининг Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган кучли истаги ўзгаришсиз қолаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.
Япония томони ташрифни кечиктиришга мажбур қилинган қарордан чуқур афсусда эканини билдириб, Ўзбекистонга ташрифни имкон қадар тезроқ амалга ошириш ниятини билдиради.
Изоҳ (0)