Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанцияси МИБнинг Нишон туман бўлими тракторини ноқонуний олиб қўйиб, 49 кун давомида жарима майдонида сақлаши оқибатида фермерга 355 миллион сўм зарар етказгани билан боғлиқ ҳолатни кўриб чиқаётгани хабар берилганди. Суднинг бугун, 29 июль куни давом этган навбатдаги мажлисида очиқ қолган саволларга жавоб берилди.
Даъвогар манфаатини ҳимоя қилаётган Қашқадарё вилоят Фермер-деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг ҳуқуқий масалалар ҳамда фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бош мутахассиси Тўлқин Шоимов судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва Олий суд пленуми қарорларига зид равишда даъво предметидан четга чиқаётганини айтмоқда.
2024 йил 22 июль куни бўлиб ўтган судда ҳам, бугун 29 июль куни давом этган навбатдаги мажлисда ҳам тафтиш инстанцияси даъво предмети — МИБ Нишон тумани бўлими томонидан тўланиши лозим бўлган жами 355 миллион 740 минг сўм зарар бўлса-да, ундан четга чиқиб, “Самандар нур” фермер хўжалигининг штатлар бирлигида буйруқ асосида механизатор штати мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан қизиқмоқда. Фермер хўжалигида механизатор буйруғи мавжуд бўлса, унга қанча миқдорда ойлик иш ҳақи тўлагансиз, бу ҳақида ҳужжатлар тақдим этинг дея ишни қолдиришганди. Бугунги судда ҳам айнан шу ҳолат кузатилди, — дейди Тўлқин Шоимов.
“Самандар нур” фермер хўжалиги раҳбари Ашурали Болтаев ҳам унинг сўзини маъқуллаб, даъвогар сифатида 49 кун ичида бой берилган зарарни қоплашни талаб қилишаётганини таъкидламоқда.
Судда иштирок этаётган бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятидаги вакили Исмоил Сайитов МИБ ижрочиларининг хатти-ҳаракатида қонунга зидлик борлигини айтиб, улар шунингдек, мансаб ваколатларини ҳам суистеъмол қилганини таъкидлади. Ҳамда суддан жиноий иш қўзғатиш тўғрисида прокуратурага хусусий ажрим чиқаришни сўради.
Давлат ижрочисининг хатти-ҳаракати ғайриқонунийлиги маъмурий суд қарори билан исботланган. Бу иқтисодий суд учун мажбурий бўлади. Биринчи инстанция суди адолатли қарор қабул қилганди. Апеллация инстанция суди биринчи инстанция суди қарор қабул қилишдан олдин инобатга олган ўндан ортиқ важларни инобатга олмасдан, уларни инкор этмасдан йўқ жойдан юзаки важлар билан биринчи инстация суди қарорини бекор қилиб юборяпти. Шу учун Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанциясидан апеллация интансияси қарорини бекор қилиб, давлат ижрочиларининг хатти-ҳаракатларида мансаб ваколатини суистеъмол қилиш аломати бўлгани учун жиноий иш қўзғатиш тўғрисида прокуратурага хусусий ажрим чиқаришини сўраймиз, — дейди судда иштирок этган бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятидаги вакили Исмоил Сайитов.
Суд 2024 йилнинг 1 август куни соат 14:30 гача танаффус эълон қилди.
Изоҳ (0)