Тошкент шаҳрида 147 нафар киши янги уй сотиб олиш мақсадида тадбиркорлар — Андроник Алоян ва Баҳодир Исмагилов қураётган кўп қаватли уйга инвестор сифатида жалб қилиниб, не-не умидлар билан 3 йил уй қурилиши битишини кутди. Аммо уй қурилиши тамом бўлаётган пайтда муаммо пайдо бўлди. Эмишки, 147 нафар фуқаро учун уй қурган тадбиркорлардан бири Баҳодир Исмагилов Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги маҳаллаларнинг бирида ҳам коттежлар қуришни ваъда қилиб, одамларни катта миқдордаги пулга чув туширган. Бу иш интернетда “Лимонария иши” сифатида кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарган. Тадбиркор айни кунда қамоқда. Алданганлар эса Баҳодир Исмагилов шериклигида бошланган, кейинчалик бу тадбиркор таъсисчилигидан чиқиб кетган корхона қураётган кўп қаватли уйга даъво қилмоқда. Судга ҳам шикоят қилган ва ҳаққини ундириб беришларини сўраган. Кўп қаватли уй қурилишига инвестор сифатида жалб қилинган 147 нафар киши эса “Бу уй бизнинг пулимизга қурилган. Буни олиб қўйиш адолатсизлик”, демоқда.
Бу ерда иккита таъсисчи — Исмагилов ва Алоян бўлган. Исмагилов ўз улушини Диёр ака Сияевга сотиб, ташкилот таъсисчилигидан чиқиб кетади. У бу ташкилотдан кетгач, бошқа жойга бориб қурилиш қилади ва одамларни катта маблағга чув туширади. Одамларнинг қандай алдангани бизга қоронғи. Лекин у ёқда алданганлар Исмагилов мана шу ерда “дом” қурган, бизнинг пулимизни шу ерга ишлатган деб, судга беришган. Ҳамда бизнинг маблағимиз эвазига қурилган уйга даъво қилишмоқда, — дейди муаммо ҳақида журналистларга гапирган Дилшод Қурбонов.
Мурожаатчининг айтишича, Мирзо Улуғбек туманининг Қува кўчасида жойлашган, қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уй қурилишига 147 нафар фуқаронинг пули сарфланганини, шунингдек, фуқароларнинг банк орқали тўлов қилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд.
Шу уй қурилиши учун тўлов қилган 147 нафар кишининг қўлида шартнома ва тўлов квитансиялари бор. Ҳаммаси қонуний. Хоҳлашса, текшириб кўришсин. Лекин бизнинг уйимизга даъво қилаётганларнинг кўпчилиги “Лимонария” маҳалласида қурилиши ваъда қилинган уй учун нақд тўлаган. Кассага ҳам тўламай, қурувчининг қўлига берган. Уй учун тўлов бу тартибда тўланмайди-ку. Қурувчи ташкилотнинг ҳисобрақамига банк орқали тўловни амалга ошириш керак, — дейди у.
Қуриб битказилган уйидан ажралиб қолишдан қўрқаётган Гулчеҳра Турдиеванинг айтишича, у 2021 йилнинг сентябрь ойида уй тўловининг дастлаб 30 фоизини, кейин бир ярим йил давомида қолган тўловларини тўлаб, айни кунда уй пулидан қутулган.
Қурилиш якунига етиш даврида уйимизнинг ярми “Лимонария” маҳалласидаги фуқароларга бўлиб берилиши белгиланди. Аслида, бу уйга тўлов қилиш биз учун ҳам осон бўлмаган. Уйдан нималарнидир сотиб, ойма-ой рўзғордан тежаб, янги уй учун пул тўладик. Нега уйимиз битган пайтда бошқа одамларнинг алдангани учун биз товон тўлашимиз керак? Шахсан менда шу уй учун барча тўловларни амалга оширганим тўғрисида ҳужжатлар бор, — дейди Гулчеҳра опа.
Мурожаатчининг айтишича, суд қарорига кўра қурилиши тугалланмаган уй сотилиб, улар тўлаган пуллар тўлиқ қайтарилган тақдирда ҳам, айни кунда бу пулга Тошкент шаҳридан бир хонали уй ҳам ололмайди.
Шу сабаб менга пулингизга куймайсиз, тўлаган пулингизни қайтарамиз, дейишган тақдирда ҳам, рози бўлмайман. Боиси биз 2021—2022 йилларда тўлаган пулимизга айни кунда бир хонали уй ҳам беришмайди. Нега бошқаларнинг ҳуқуқий саводсизлиги учун биз жавоб беришимиз керак? Шу ишни қилганлар аввалроқ ўйлаб кўришлари керак эди. “Лимонария” маҳалласидаги жабрланганларга Баҳодир Исмагиловнинг бошқа мулкларидан олиб, тўлаб беришсин, майли улар ҳам жабрланиб қолишмасин. Муҳими, адолат тиклансин, — дейди Гулчеҳра Турдиева.
Навбатдаги суҳбатдош Дилдора Файзуллаеванинг маълум қилишича, у ҳам уй учун тўлов қилган. Фақат қонуний тартибда, банк орқали Баҳодир Исмагиловнинг улушини сотиб олган Диёр Сияевнинг ҳисобрақамига ўтказиб берган.
Биз Баҳодир Исмагиловни умуман танимаймиз. Нега энди танимаган одам учун, унинг айби учун биз товон тўлашимиз керак? Биз уй учун қилинган тўловларни қонуний тартибда банк орқали тўлаганмиз. Бу ҳолат бўйича суд ҳам бўлди. Судда бизни ҳатто эшитишмади, — дейди у.
Мурожаатчиларнинг айтишича, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси 2024 йил 5 июнда System Metall Stroy масъулияти чекланган жамиятига
тегишли Мирзо Улуғбек туманининг Қува кўчасида жойлашган 49 миллиард сўмдан ортиқ маблағга баҳоланган, тугалланмаган кўп қаватли турар жой мажмуасини сотиб, Баҳодир Исмагиловнинг 50 фоиз улушига қаратиш ҳамда сотувдан тушган пул маблағларини жабрланувчилар фойдасига тенг тақсимлаш ҳақида ажрим чиқарган.
Мурожаатчи Улуғбек Алибоевнинг билдиришича, у 603 миллион сўмлик уйга 420 миллион сўм тўлов қилган. Бироқ муаммолари чиққач, яна тўлов қилишга иккиланмоқда.
Андижондаги уйим ва машинамни сотиб, шу уйга 420 миллион сўм пул тўладим. Бироқ айни кунда суд жараёнлари кетаётгани сабабли қолган пулни тўлашга қўрқяпман. Ҳозирги кунда ижарада яшаяпман. Мен бу ерда Диёр ака деган одам билан гаплашганман. Баҳодир Исмагиловни танимайман, — дейди у.
Яна бошқа мурожаатчилар Темур Мирабаев ҳамда Абдирайим Эргашевларнинг айтишича, улар ҳам янги қурилаётган уй пойдевори қурилишидан аввал хонадон учун пул тўлаган. Бироқ айни кунда келиб чиқаётган муаммо уларга ноқулайлик туғдирмоқда.
Шу уйдан хонадон олиб, дастлаб 50 фоизини, қолганини эса бўлиб-бўлиб тўлашга олиб, уй учун тўланиши лозим бўлган пулни тўлаб бўлдим. Яқинда хабар топсак, Баҳодир Исмагиловдан жабрланган фуқароларга пул тўлаш учун бизнинг пулимизга қурилаётган уйни сотиб, қоплаш ҳақида суд қарори чиқибди. Агар шунақа бўладиган бўлса, 147 нафар фуқаро кўчада қолади. Кўпчилик уйини сотиб, бу уйга тўлов қилишган. Бу ноҳақлик, — дейди Шуҳрат Муталов.
Мурожаатчи Тўлаган Жумаев қурилиши битмаган уйни 49 миллиард сўмдан ортиқ маблағга сотиш ҳақида қарор чиқарилиб, шошма-шошарлик қилганини айтмоқда.
Аслида бу ерда тадбиркор улуши бор деб топилган тақдирда ҳам, жабрланганларга инвесторлар пулидан эмас, шу уйни қуришдан тушган соф даромадга қаратиши керак-ку, нега энди инвесторлар пулига кўз тикилмоқда, — дейди Тўлаган Жуманов.
Исми сир қолишини сўраган яна бир фуқаронинг айтишича, улар яна Олий судга шикоят қилади.
Биз ҳар қандай текширувга тайёрмиз. Марҳамат, текшириб кўришсин. Бизнинг тўлаган пулларимиз квитансиясини текширишсин. Қурувчи тадбиркор бизнинг пулимизни олмасин-да, уй қуришдан тушган фойдадан ўз улушини олсин. Биз ўша пайтда уч хонали уйга тўлаган пулимизга ҳозир бир хонали уй ҳам олиб бўлмайди-ку. Бу ноҳақлик-ку, — дейди у.
“Дарё”га мурожаат қилиб, ўзини Фаррух Умаров деб таништирган фуқарога кўра, у “Лимонария барака” коттежига пул тўлаган жабрланувчилардан бири ҳисобаланди.
Билишимча, суд System Metall Stroy фойдасидан келадиган пулларнинг 50 фоизини олиш ва жабрланганларга тўлаш ҳақида фикр юритган. Баҳодир Исмагиловнинг бу қурилиш корхонасига алоқадорлиги прокуратура томонидан ҳам ўрганилди. 3 та суд инстанцияларида аниқлик киритилди. Буни инкор қилиб бўлмайдиган факт ва исботлар борлиги учун суд ҳам ҳар сафар тадбиркорнинг 50 фоиз улушидан ундириш ҳақида қарор чиқариб берган. Қолаверса, ҳозир қурилиш корхонага раҳбарлик қилаётган Сияев — Баҳодир Исмагиловнинг яқин дўсти бўлади. Сияев Бош прокуратурага адвокати билан бориб Исмагилов System Metall Stroy’даги улушини вақтинчалик номимга ўтқазиб туришини сўради, деб кўрсатма берган, — дейди Фаррух Умаров.
Изоҳ (0)