Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой—Мўғулистон коридори бўйлаб 5 июнь куни биринчи пилот юк ташуви ташкил этилди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, пилот юк ташуви Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш, автомобиль транспортида янги коридорларда юк ташувларини йўлга қўйиш мақсадида Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Иштирокчи давлатлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик ва ушбу транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида савдо айланмаси ўсиши ва транспорт-логистика алоқаларининг кенгайиши учун янги истиқболлар очилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, бу йўналиш давлатлар ўртасида экспорт ва импорт юк ташувлари ҳажмини оширишга, савдо алоқалари географиясини кенгайтиришга ҳамда товарларни етказиб бериш муддатларини қисқартиришга хизмат қилади.
Дунё логистика бозоридаги вазиятни инобатга олганда, мазкур коридорнинг ривожланиши ўзбек миллий ташувчилари учун ўз бизнесини кенгайтириш, самарадорликни ошириш ҳамда минтақавий ва глобал даражадаги ўринларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Коридорнинг йўналиши ва мақсади
Янги транспорт йўлаги Ўзбекистондан Қирғизистон орқали Хитойга, сўнгра Мўғулистонга ўтади. Бу йўл Евросиё минтақасида юк ташишнинг муқобил ва самарали йўналишини тақдим этади, айниқса Хитой ва Мўғулистон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Изоҳ (0)