Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиш ва харид қилиш нақдсиз шаклга ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 26 июндаги Сенат йиғилишида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Мубин Мирзаевнинг айтишича, мамлакатда хуфиёна иқтисодиёт улуши юқорилигича қолмоқда. Мазкур муаммога қарши курашиш мақсадида қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида президент қарори тайёрланди.
“Қарорда асосий эътибор нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантиришга қаратилди. Барча вазирлик ва идоралар билан ҳужжатдаги нормалар бўйича келишдик ва қарорни администрацияга тақдим этдик. Қарор ижро этилиши хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишни тизимли йўлга қўйишга ёрдам беради”, деди қўмита расмийси.
Мубин Мирзаев берган маълумотга кўра, қарорда нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизми кўчмас мулклар савдосидан бошланади.
“Кўп давлатлар 2030 йилга бориб нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимига ўтишни мақсад қилган. Биз ҳам энг йирик ҳисоб-китоблар тизимини нақдсиз шаклга ўтказмоқчимиз. Яъни буни кўчмас мулкдан бошлаймиз. Бугунги кунда уй сотиш ва сотиб олиш кўпинча нақд пулда амалга оширилади. Эндиликда тўловларни қонуний тарзда, банк айланмаси орқали тўлаш тартиби жорий этилиши кутилмоқда. Бунда савдо қоидаларини бузмаган ҳолда ишлашни рағбатлантириш ва қонуний тартибларга амал қилишни таъминлаш ҳам кўзда тутилмоқда”, деди ташкилот вакили.
2024 йилда Ўзбекистонда уйлар нархлари асл (фундаментал) қийматидан 17 фоиз юқори экани маълум қилинганди. Ҳисоб-китобларга қараганда, ўтган йили республикада 329 мингта уй сотилган. Бу кўрсаткич 2023 йилдагига қараганда 2,2 фоиз кам. Мазкур пасайишга ипотека олишдаги чекловлар ва бозордаги нархларнинг қисман реаллашуви сабаб бўлган. 2023 йил якунида мамлакатда жами 7,5 миллионта уй-жой бўлган. Бу аҳолининг ҳар 5 нафарига 1 та уй тўғри келишини англатади.
Изоҳ (0)