Афғонистон бошқа давлатларнинг ресурсларига даъво қилмайди, лекин ўз қонуний ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишни ният қилган. Бу ҳақда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдул Ғаффор Теравий Прогрессив ислоҳотлар маркази экспертларига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Элчидан Афғонистоннинг минтақавий сув ресурсларидан оқилона ва биргаликда фойдаланиш борасидаги позицияси қандайлиги сўралган.
“Афғон Ислом Амирлигининг ушбу масаладаги позицияси мутлақо аниқ ва равшан: биз барча томонларнинг ҳуқуқларига адолатли ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш тамойилларига қатъий риоя қиламиз. Афғонистон бошқа давлатларнинг ресурсларига даъво қилмайди, лекин ўз қонуний ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишни ният қилган ва халқаро нормалар ҳамда келишувларга қатъий амал қилади”, деган элчи.
Элчи Қўштепа лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтган.
“Қўштепа лойиҳасига келсак, биз сув ресурсларидан фойдаланиш ҳар бир давлатга тегишли ҳуқуқлар доирасида амалга оширилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ҳеч ким бошқа давлатларнинг ҳуқуқларини чеклай олмайди ва биз ҳам Афғонистон ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўймаймиз. Амударё сувини фақат мамлакатимизга қонунан тегишли миқдорда ишлатамиз”, деган элчиси Абдул Ғаффор Теравий.
У Афғонистон сув ресурсларидан иқтисодий, масъулиятли ва фақат ўз қонуний ҳуқуқлари доирасида фойдаланишини таъкидлаб ўтди.
Қўштепа канали ҳақида
Қўштепа узунлиги 285 километрли, эни 100 метрли, чуқурлиги ўртача 8 метр бўладиган канал. Унинг қурилиши келгуси тўрт йил ичида якунланиши кутилмоқда. Канал орқали 550 минг гектар ерни суғориш режа қилинган.
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқуловнинг сўзларига кўра, канал чўл зоналарда қурилаётгани учун унинг катта ҳажмдаги суви қумга сингиб кетиб, исроф бўлиши хавотирли. “Толибон” ҳалигача каналнинг қанча масофаси бетонланиши, қанчасига сунъий қопламалар тўшалиши бўйича аниқ маълумот бермаган. Гидролог Собир Қодиров Афғонистон бу канални ишлатишга тайёр эмас, деган фикрда. Унинг таъкидлашича, сув масаласида аҳвол жуда ҳам чатоқ. ХХ асрда нефть учун кураш бўлгани каби, XXI асрда сув учун кураш авж олиши мумкин.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, ҳозир минтақада сув тақсимоти билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Афғонистон қураётган Қўштепа канали учун 10 километр куб сувни тортиб кетади. Ўзбекистон бир йилда Амударёнинг 20 километр куб сувидан фойдаланади. Туркманистон ҳам шунга яқин ҳажмда сув олади. Тожикистон эса 5-6 километр куб қабул қилади. Энди бу жараёнга Афғонистон қўшиляпти.
Изоҳ (0)