Украина армияси қарши ҳужумга ўтиб, Донецк вилоятидаги учта қишлоқни Россия ҳарбийларидан “тозалади”. Бу ҳақда Қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирский хабар берди.

Бош қўмондон Покровский йўналишида бўлиб ўтган жанглар ҳақида маълумот берди.
Мен ҳозир жанг майдонларида фаолият олиб боряпман. Покровский йўналиши — энг қийин жойлардан бири. Бу ерда Украина мустақиллиги ва байроғини ҳимоя қилиш шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, балки кундалик хавф ва қаҳрамонликдир, деди бош қўмондон.
У қўшинлар қарши ҳужумга муваффақиятли ўтиб, Донеск вилоятидаги Михайловка, Зелений Гай ва Владимировка қишлоқларини назоратга олганини айтди. Сирский Покровск мудофаасини узоқ вақт давомида ушлаб турган аскарлар билан учрашиб, уларни матонати, жасорати ва намунали хизматлари учун мукофотлаган.

Шунингдек, бош қўмондон Покровский йўналишида жанг олиб бораётган бўлинмалар штабида бўлиб, корпус ва бригада қўмондонларининг ҳисоботларини эшитган.
Вазият ҳақиқатан ҳам мураккаб, душман ўзининг асосий кучларини фронтнинг ушбу қисмига жамлаган. Аммо биз позицияни сақлаб қолишимиз керак. Жанг ҳаракатларини ташкил этишда ёрдам кўрсатилади. Қўшимча ўқ-дорилар, дронлар ва радиоэлектрон кураш воситалари масаласи ҳал этилди, дея таъкидлаган у.

Украина президенти Владимир Зеленский 24 август куни Донбассда “яхши сюрпризлар” тайёрланганини айтганди.
Донбассда жуда ижобий натижаларга эришдик. Руслар учун яхши сюрпризлар бор. Батафсил маълумотни кейинроқ бош қўмондон эълон қилади, деб ўйлайман, деган эди сиёсатчи.
Покровск йўналишидан жанглар
- 12 август куни Миллий гвардиянинг “Азов” корпуси жангчилари Покровский йўналишида мудофаа чизиғини эгаллагани маълум қилинди. Бош штаб эса захирадаги кучлар душманнинг олдинга силжишини тўхтатиш учун чоралар кўраётганини билдирди.
- 15 август куни президент Владимир Зеленский мудофаа кучлари Покровский йўналишида муваффақиятга эришганини эълон қилди. Сиёсатчи Донецк вилоятида барча йўналишларни мустаҳкамлаш бўйича қарор қабул қилганини айтди.
- 18 август куни Бош штаб Покровск шаҳридаги охирги пайтларда гуруҳлар таркибида ёки якка тартибда бостириб кирган рус ҳарбийлари тозаланганини таъкидлади.
Изоҳ (0)