Сурхондарёда энергетика соҳасининг мансабдор ходимига, Фарғонада эса Халқ қабулхонасининг масъул ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиалининг Сурхондарё вилояти Олтинсой туман бўлими бошлиғи туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси бош мутахассиси билан ўзаро тил бириктирган. Пахта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг электр энергиясидан қарздорлиги бўлган. Фуқаро уни умумий фойдаланишда бўлган электр тармоғига қайта улаб бериш ва ўзида сақлаб келаётган фермер хўжаликка тегишли электрон ҳисоблагични қайтариб бериш эвазига 5 миллион сўм талаб қилган.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ўзбекистон тумани Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси (1965 йилда туғилган) фуқаронинг кредит қарздорлиги бўйича туман Мажбурий ижро бўлимида унга нисбатан юритилган ижро ҳужжатини танишлари орқали йўқ қилиб беришни сўраган. Ва эвазига 5 миллион сўм олган вақтида ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят кодексига кўра, пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (20,6 миллион сўмдан 41,2 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан бир неча кун аввал Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими ўринбосари 20 минг доллар пора олаётганида қўлга тушганди.
Изоҳ (0)