Мисрнинг Синай яримороли жануби-ғарбида жойлашган Сераибит ал-Ходим ҳудудида Инжилдан ҳам қадимий бўлган ёзувлар топилди. Уларда Мусо пайғамбар ҳақида эслатмалар мавжуд. Бу ҳақда Fox News Digital нашрига берган интервьюсида америкалик эпиграфист Майкл С. Бар-Рон маълум қилди.

Мазкур икки ёзув илк бор ХХ аср бошларида топилган эди. Аммо эпиграфист Майкл С. Бар-Рон уларни қайта ўрганиб чиқди. Бу ёзувларни “Зот ми-Моше” (“Бу Мусодан”) ва “Неъум Моше” (“Мусо баёноти”) деб ўқиш мумкин. Агар бу талқинлар тасдиқланса, улар Инжилдан аввал битилган Мусо пайғамбар ҳақидаги энг қадимги ёзувлар бўлиши мумкин.
Шунингдек, ёзувда Иброҳим пайғамбар исми назарда тутилган “Эл” номли илоҳ ҳақида ҳам маълумот келтирилган ва қадимги бутпараст маъбуда Баалат қораланган. Бар-Роннинг сўзларига кўра, ўша ҳудудда қадимда Баалат маъбуди шарафига ибодатхона мавжуд бўлган.

“Мен саккиз йил давомида жуда мураккаб бўлган 23 та прото-синай ёзувларини қайта тиклаш устида ишладим”, деди эпиграфист.
Баъзи ёзувлар семит ишчиларининг бу маъбудага сиғинишга қарши эканини ифодалайди.
“Баалатни улуғлаш ўрнига бу ёзувларда у лаънатланади, издошларига огоҳлантириш ва танбеҳ берилади”, дейди Бар-Рон.

Ёзувларда “БС” (“уят”, “шармандалик”) ва “нимош” (“кетайлик”, “чекинайлик”) каби сўзлар ишлатилган.
Қадимий ёзувларни ўқиш жараёни ниҳоятда мураккаб бўлиб, энг қийин битикларни талқин қилишга мутахассис қарийб ўн йил вақт сарфлаган.
Изоҳ (0)