Австралияда олимлар ёввойи қушларда генетик ва биологик жинснинг кенг тарқалган номувофиқлигини аниқлади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Бу “жинс ўзгариши” ҳодисасидан далолат бериши мумкин. Biology Letters журналида чоп этилган тадқиқот ёввойи қушларнинг бир нечта турида бир вақтнинг ўзида шундай ҳодисани қайд этган илк тадқиқот бўлди. Илгари бу ҳодиса мумкин эмас деб ҳисобланган.
Кўп ҳолларда генетик урғочиларда эркаклик жинсий аъзолари мавжуд бўлган. Генетик жиҳатдан эркак бўлган битта кукабарра тухум йўлининг чўзилганлиги аниқланди. Бу унинг яқинда тухум қўйганлигини кўрсатади. Икки урғочи кокилли каптарда ҳам тухумдон, ҳам мояк борлиги аниқланди. Энг кам номувофиқлик даражаси (3%) австралия зағизғонларида, энг юқориси (6,3%) эса кокилли каптарларда қайд этилган, дейди тадқиқотчилар.
Олимлар бу ҳодиса ҳайвонларнинг гормонал мувозанатини бузадиган кимёвий моддалар таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Эндокрин бузғунчилар деб аталадиган бундай бирикмалар илгари ҳам моллюскалар, балиқлар, амфибиялар ва судралиб юрувчиларда жинс ўзгариши билан боғлиқ деб ҳисобланган.
Саншайн-Кост университети доктори Кленси Холлнинг таъкидлашича, қушларда жинснинг ўзгариши популяциядаги жинслар нисбатига таъсир қилиши, кўпайиш муваффақиятини пасайтириши ва айрим турларнинг яшаб қолишини хавф остига қўйиши мумкин.
Дикин университети профессори Кейт Бюкененнинг фикрича, урғочиларнинг “эркаклашиши” эҳтимол озиқ-овқат занжирларига кириб бораётган инсон фаолияти натижасидаги кимёвий моддалар туфайли юзага келмоқда.
Изоҳ (0)