Қозоғистон молия вазири Мади Такиевдан америкалик хонанда Женнифер Лопеснинг Остона ва Олмаотада бўлиб ўтган концертларидан бюджетга қанча маблағ тушгани сўралди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда бўлиб ўтган концертга жами 12 мингга яқин турист келган.
Умуман олганда, концерт фойдали бўлди. Биринчидан, Жей Ло ёлғиз келмайди, у билан бирга қўшни давлатлардан сайёҳлар ҳам ташриф буюрди. Остонадаги концертга 5 мингга яқин, Ольмотадаги концертга эса 7 мингга яқин сайёҳ келди. Уларнинг барчаси меҳмонхоналарда жойлашди, ресторанларга ташриф буюрди, шаҳар бўйлаб сайр қилди. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳар бир сайёҳ камида минг доллар сарфлайди, деди Такиев.
У жаҳон юлдузининг келиши иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатганини қайд этди.
Солиқлар масаласида ҳали ҳисоб-китоб қилганимиз йўқ. Солиқ тўлаш муддати ҳали келмади, аммо биз кузатяпмиз: қайси меҳмонхоналарда ва қанчага нархлар ошгани, ресторанларда нархлар қанчалик кўтарилгани, кассалардаги айланма қанча бўлгани. Декларациялар топширилганда буларни аниқ кўрамиз, дея таъкидлади вазир.
Жаҳон юлдузининг концертидан тушган даромад ҳақида Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Серик Жумангарин ҳам ўз фикрини билдирди.
Мен концерт ташкилотчиси билан гаплашдим, у 400 миллион тенге (салкам 743 минг доллар) даромад олиш режалаштирилаётганини айтди. Аммо солиқ декларациясини топшириш муддати 25 ноябргача, шундан сўнг 25 кун ичида солиқни тўлаш керак. Режа — 400 миллион тенге, деди у.
Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концертидан қанча фойда бўлди?
Америкалик хонанда 7 август куни Тошкентдаги “Миллий” стадионда ҳам концерт берди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси “Газета.уз”га маълум қилишича, концертдан 42,5 млрд сўмдан ($3,3 млн) ортиқ солиқ тушум тушган. Тадбир учун 15 мингдан ортиқ турист ташриф буюрган. Меҳмонхоналарнинг бандлик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,7 фоизга ошган. Тошкентга Лопес билан бирга 90 дан ортиқ кишидан иборат жамоа келган.
Изоҳ (0)