Қирғизистон Ўзбекистондан экспорт қилинган 3,5 тонна пистани қайтариб юборди. Бу ҳақда 24.кг хабар берди.

Кимёлаштириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин бошқармаси 11 август куни “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктида назорат тадбирлари ўтказган. Текширув давомида Қирғизистонга карантин фитосанитария талабларини бузган ҳолда 3,5 тонна писта олиб кирилгани аниқланган. Хусусан, маҳсулотлар қадоғида мажбурий маркировка бўлмагани сабабли юк Ўзбекистонга қайтариб юборилган.
Ҳар куни Ўзбекистон фуқаролари томонидан ташилаётган қўл юкларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонунчилик талабларига номувофиқлиги билан боғлиқ ўртача беш-олти ҳолат қайд этилмоқда, дейилади хабарда.
2025 йилнинг июль—август ойларида 60 та шундай ҳолат қайд этилган. Уларнинг барчаси бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилган. Департамент зараркунанда ва касалликлар кириб келиши ҳамда тарқалишини олдини олиш учун фитосанитария талабларига қатъий риоя этишга чақирмоқда.
Маълумот ўрнида бу Қирғизистон карантин қоидаларига риоя этилмагани учун Ўзбекистон маҳсулотларини қайтарган биринчи ҳолат эмас.
Изоҳ (0)