Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга Жаҳон Таэквондо Федерацияси президенти Чунг Вон Чо ҳурмат ифодаси сифатида 9-дан қора белбоғ топширилди. Таэквондода қора белбоғ даражалари 1-дан 9-дангача бўлиб, 9-дан қора белбоғ энг юқори, фахрий ва ҳурматга сазовор даражадир. Бу унвон нафақат спортдаги ютуқлар, балки спортни ривожлантиришга қўшилган улкан ҳисса учун ҳам берилади.

Спорт ва сиёсат кўпинча алоҳида соҳалар сифатида қаралса-да, тарих давомида кўплаб давлат раҳбарлари спорт билан фаол шуғулланган, айримлари эса профессионал ёки фахрий спорт унвонларини қўлга киритган. Ушбу мақолада спорт унвонларига эга давлат раҳбарлари ҳақида батафсил тўхталиб, уларнинг спорт фаолияти ва унвонлари ҳақида сўз юритамиз.
Садир Жапаров — Қирғизистон президенти
Садир Жапаров — Қирғизистоннинг амалдаги президенти бўлиб, нафақат сиёсий майдонда, балки спорт соҳасида ҳам эътиборга молик шахслардан биридир. 2023 йилда у таэквондо (World Taekwondo Federation — WTF) бўйича фахрий 9-дан қора белбоғ унвонига эга бўлган. У бу орқали таэквондо спортида фахрий унвон олган биринчи қирғизистонлик сифатида тарихга кирган.

Владимир Путин — Россия Федерацияси президенти
Россия Президенти Владимир Путин дзюдо ва самбо спорт турлари билан болалигидан бери шуғулланиб келади. У кўплаб мусобақаларда қатнашиб, 2012 йилда дзюдо бўйича халқаро даражадаги 8-дан қора белбоғ унвонини олган. Путиннинг спортдаги фаолияти нафақат шахсий, балки Россия спортининг халқаро майдондаги имиджига ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, Путинга 2013 йилда Жаҳон Таэквондо Федерацияси томонидан 9-дан қора белбоғ фахрий унвони берилган, аммо 2022 йилда Россиянинг Украинага ҳарбий юриши сабаб билан бу унвон бекор қилинган.
Дональд Трамп — АҚШ президенти
Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти Дональд Трамп сиёсат, бизнес ва оммавий ахборот воситалари орқали бутун дунёга танилган шахс ҳисобланади. Бироқ, 2021 йилда у ўз фаолияти билан эмас, балки спорт — хусусан, таэквондо билан боғлиқ совринни қабул қилиб, яна бир бор эътибор марказига тушган. Гап шундаки, Трампга Kukkiwon (Жаҳон Таэквондо Академияси) томонидан фахрий 9-дан қора белбоғ унвони топширилган.

2021 йил 19 ноябрда Куккиwон президенти Ли Донг-сеоп Дональд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳига ташриф буюриб, унга юқори даражадаги фахрий белбоғни тантанали тарзда топширди. Ушбу унвон Трампнинг таэквондога бўлган эътибори, спортни халқаро даражада тарғиб қилишдаги ёрдами ва АҚШ ҳамда Корея ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун тақдим этилган.
Нурсултон Назарбоев — Қозоғистон республикаси собиқ президенти
2014 йил 21 январда Қозоғистон биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга Жаҳон Таэквондо Федерацияси (WTF) томонидан фахрий 9-дан қора белбоғ ва таэквондо кийими (кимоно/добок) топширилди.

Тадбир Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги Президент саройида бўлиб ўтди. WTF президенти Чунг Вон Чонинг шахсан ўзи Нурсултон Назарбоевга юқори фахрий унвонни топширган.
Гурбангули Бердимуҳамедов — Туркманистон республикаси собиқ президенти
Туркманистоннинг собиқ президенти нафақат сиёсий соҳада фаолият юритган, балки спорт соҳасида ҳам алоҳида эътиборга сазовор шахслардан биридир. У 2017 йилда каратэ бўйича 10-дан қора белбоғ унвони билан тақдирланган.

Ушбу унвон Халқаро Мейбукан Годзю-рю Каратэ-до Ассоциацияси раҳбари Яги Меитацу томонидан тақдим этилган. Бу маросим “Осиё ўйинлари — 2017: тинчлик ва тараққиёт учун халқаро спорт ҳамкорлиги” конгресси доирасида ўтказилган.
Жаир Болсонаро — Бразилия собиқ президенти
Жаир Болсонаро — Бразилиянинг собиқ президенти, ўзининг консерватив сиёсати ва баҳсли баёнотлари билан танилган сиёсатчи. 2018 йилда президентликка сайланганидан сўнг, у нафақат сиёсий майдонда, балки спорт соҳасида ҳам эътиборга сазовор бўлди. Айниқса, жиу-жицу спортига бўлган қизиқиши ва бу соҳадаги фаолияти билан ҳам танилди.

2018 йил 25-октябрда, президентлик сайловлари арафасида, Робсон Грэйси (9-дан қора белбоғ эгалари ва Грэйси оиласининг аъзоси) Жаир Болсонарони жиу-жицу бўйича фахрий қора белбоғ билан тақдирлади. Мазкур унвон, Болсонаро ҳеч қачон жиу-жицу билан шуғулланмаган бўлса-да, унинг спортга бўлган қизиқиши ва Грэйси оиласига бўлган ҳурматини инобатга олиб берилган.
Барак Обама — АҚШ собиқ президенти
Барак Обама — АҚШнинг 44-президенти, нафақат сиёсий майдонда, балки спорт соҳасида ҳам фаолият юритган шахсдир. Унинг таэквондо спортига бўлган қизиқиши ва бу соҳадаги фаолияти унинг ривожланишига катта ҳисса қўшган.

Обама таэквондо билан 2001–2005 йиллар давомида, Иллинойс штатининг сенатори сифатида фаолият юритган даврда шуғулланган. У Чикаго шаҳрида таэквондо бўйича машғулотларга қатнашган ва бу даврда ўзининг жисмоний тайёргарлигини оширишга катта эътибор қаратган.

2009 йилда Обама Жанубий Кореяга расмий ташриф буюрганида, Жанубий Корея президенти Ли Мюнг-Бак томонидан унга таэквондо бўйича фахрий қора белбоғ тақдим этилди. Ушбу унвон, Обама сенаторлик даврида таэквондо билан шуғулланганини инобатга олиб, унинг спортга бўлган қизиқишини ва Жанубий Корея билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида берилган. Маросимда Обама таэквондо формасини кийиб, таэквондо услубида турли усуллар кўрсатган.
Изоҳ (0)