АҚШда май ойида “Олтин гумбаз” (Golden Dome) номли ракета ҳужумидан мудофаа тизими лойиҳаси тақдим этилганди. Ҳозирда ушбу ташаббусни амалга ошириш доирасида жадал ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шу ҳафтада мамлакат мудофаа вазирлиги бажарилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Унга кўра, тизим 4 қатламдан иборат бўлиб, уларнинг 1 таси сунъий йўлдошга асосланади, қолган 3 таси эса қуруқликдаги ҳимоя гумбазларини ўз ичига олади.

Лойиҳага кўра, қисқа масофали ракета ҳужумларига қарши 11 та батарея АҚШнинг материк қисми, Аляска ва Гавайида жойлаштирилади. Буни амалиётга татбиқ этиш учун 2028 йилгача муддат белгиланган.
“Олтин гумбаз” Исроилнинг “Темир гумбаз” тизимидан илҳомланган, бироқ у АҚШ географияси ва қарши чоралар мураккаблиги сабаб анча йирик бўлиши кўзда тутилган. Тизимнинг умумий қиймати 175 миллиард доллар деб баҳоланмоқда, аммо қурилиш ва техник деталлар ҳали тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Ҳозирча АҚШ конгресси режага 25 миллиард доллар йўналтирган, 2026 йилда эса лойиҳа бюджетига қўшимча 45,3 миллиард доллар ажратиш режалаштирилган.
Лойиҳада “Кейинги авлод интерсепторлари” (Next Generation Interceptors) ракеталари жойлаштириладиган янги йирик база, шунингдек, Терминал баландлик ҳудудини ҳимоялаш (ТҲААД) ва Аэгис тизими ишга туширилади. Патриот ракета тизимлари ҳам охирги қатлам сифатида фойдаланилади.

Мутахассисларнинг айтишича, асосий мақсад ракеталарни уларнинг “кўтарилиш фазаси”да – энг секин ва тахмин қилиш мукин бўлган пайтда – йўқ қилишдир. Бунинг учун космик базадаги тутувчи ракеталар қўлланади.
Лойиҳага “Lockheed Martin”, “Northrop Grumman”, “RTX” ва “Boeing” каби йирик мудофаа пудратчилари жалб этилган. Элон Маскнинг “SpaceX” компанияси эса ҳозирча рўйхатда кўриниш бермаган. Генерал Майкл Гетлейн лойиҳани бошқариш учун тайинланган бўлиб, унга дастлабки тизим дизайнини 60 кун ичида тақдим этиш вазифаси юкланмоқда.
Изоҳ (0)